Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2018 10:10 Чоп этиш версияси

Фаол китобхон ёшларга китоблар тарқатилди

Андижон вилояти Марҳамат туманида “O’zLiDeP кутубхонаси – менинг нигоҳимда” деб номланган акция бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган “O’zLiDeP кутубхоналари” лойиҳаси доирасида Марҳамат туманидаги “Турон” ўқув марказида қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ижодкорлар, таълим муассасалари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, ҳар бир оилада китобга қизиқишни ошириш, мутолаа маданиятини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Инсон камолоти ва маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва аҳамияти, ёшларимизда ёт ғоялар, турли иллатларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш хусусида сўз юритилди. Китобхонлик маданияти бўйича ўтказилган “Савол-жавоб” викторинасида фаол қатнашган ёшларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

Тадбир доирасида, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан иборат китоб ярмаркаси ҳамда “Турон” ўқув марказида кутубхона ташкил этилди. Иштирокчи ва меҳмонлар учун ўқув маркази тасарруфидаги музейга экскурсия уюштирилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
4 044