Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Фалокатнинг олдини олган афзал

Ёнғинлар профилактикаси кунида Фарғона вилоятидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, унинг олдини олиш ва бартараф этиш, маиший рўзғор буюмларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Ўтган давр мобайнида содир бўлган ёнғинларнинг сабаб-оқибатлари кенг таҳлил этилмоқда.

– Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ҳафтанинг ҳар чоршанбаси ёнғинлар профилактикаси куни, деб белгилангани ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Бахтиёр Низомиддинов. – Ушбу қарор ижроси доирасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ёнғинлар профилактикаси куни тадбирлари юқори савияда ташкил этилмоқда. Давлат ёнғин назорати инспекторлари томонидан маҳалла фаоллари билан биргаликда ўтказилган тадбирлар доирасида 9 минг 661 хонадоннинг ёнғинга қарши ҳолати текширилиб, фуқароларга ёнғин хавфсизлиги чоралари юзасидан йўл-йўриқлар берилди. Текширишлар жараёнида аҳоли уй-жойида бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларнинг аксарияти жойида бартараф этилди.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасида камчиликларга йўл қўйган 87 нафар фуқарога нисбатан маъмурий жарима қўлланилди. Ёнғин чиқиш хавфи бўлган 28 бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 387 носоз электр ускунаси манбаидан узиб қўйилиб, фойдаланиш тақиқланди.

Амалга оширилаётган тарғибот ишларига қарамай, айрим фуқароларнинг бепарволиги сабаб ёнғинлар содир бўлмоқда. Жумладан, Бешариқ туманидаги Бешсари қишлоғида қаровсиз қолдирилган болаларнинг олов билан ўйнаши оқибатида хонадоннинг айвон ва том қисми ёниб кетган. Ёш болалар иштирокидаги яна бир ёнғин Фарғона туманининг Гулшан қишлоғида содир бўлди. Оқибатда яшаш уйининг 40 метр квадрат ички ва том қисми зарарланди. Ёнғинга сабаб бўлувчи омиллардан бири очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланишдир. Тошлоқ тумани Баҳор кўчасидаги хонадонлардан бирида ана шундай эҳтиётсизлик омборхона ва тандирхонанинг ёниб кетишига сабаб бўлди. Хонадон эгасининг 17 ёшли қизи куйиш натижасида тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ёнғин-техник лабораторияси томонидан содир бўлаётган ёнғинлар, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омиллар доимий таҳлил қилиб борилмоқда. Вилоятда жорий йилнинг олти ойида 548 марта ёнғин содир этилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 437 ёнғин ҳодисаси аҳоли турар жойи ва яшаш уйларида содир бўлган, бу умумий ёнғинлар сонининг 80 фоизини ташкил этади.

Ёнғинлар асосан лоқайдлик, эҳтиётсизлик, носоз электр тармоқлари, иситиш ускуналари ва тизимларидан фойдаланиш, болаларнинг катталар назоратидан четда қолиб олов билан ўйнаши оқибатида келиб чиққан. Бу барчамизни янада огоҳ бўлишга ундайди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 919






Все о погоде - Pogoda.uz