Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 17:35 Чоп этиш версияси

Фахрийларни эъзозлаш – фарзандлик бурчимиз

Мамлакатимизда кексаларга, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, моддий-маънавий рағбатлантиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 4 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Фарғона вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими маълумотига кўра, бугун сафимизда бўлган 157 нафар уруш қатнашчиси ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда, совға-саломлар берилмоқда.

Яхши гапнинг қаноти бор, дейишади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Юксак эътибордан беҳад шодланган нуронийлар бундай ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, Яратгандан тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз барқарор бўлишини сўраб дуо қилмоқда.

– Президентимиз томонидан кексаларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик туфайли ўзимизни янада тетик ва бардам ҳис қилмоқдамиз, – дейди Тошлоқ тумани Шодлик маҳалласида яшовчи Одил ота Зокиров. – Ёшим 96 да. Маҳалладаги тўй ва шодиёналарда иштирок этаман. Шундай тинч ва осойишта кунларга етказганига шукроналар айтаман. Турли учрашувларда ёшларга ўтмиш хотираларим, ҳаёт тажрибам ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишни насиҳат қиламан. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантиришга оид фармонини ўқиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Тинч-осойишта, фароғатли замонда яшаб, хотиржам ҳаёт кечиришдан ортиқ бахт борми дунёда?!

– Ёшинг ўтгани сари кўпроқ меҳр ва эътиборга эҳтиёж сезаркансан, – дейди Қувасой шаҳридаги Муайн маҳалласида яшовчи Ориф ота Мўминов. – Маҳалла-кўй, турли ташкилотлар, ёшлар ҳолимиздан доимо хабар олиб туришади. Президентимизнинг фармонини неварамдан эшитиб, янада хурсанд бўлдим. Бундай эътибор учун миннатдормиз.

Таълим муассасалари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг туман ва шаҳар бўлимлари қошида тузилган гуруҳлар аъзолари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, 100 ёшдан ошган отахону онахонларнинг уй-рўзғор ишларига ёрдамлашмоқда.

– Ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда нуроний отахон ва онахонларнинг ҳиссаси катта, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Шерзод Полвонов. – Шу боис жойларда уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг ибратли ҳаёт тажрибасидан ёшлар тарбияси йўлида кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 364






Все о погоде - Pogoda.uz