Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 18:21 Чоп этиш версияси

Фахрийлар ҳамиша эъзозда

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Фахрийларимиз ҳамиша эъзозда» мавзуида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси ёдга олиниб, ҳурмат кўрсатилаётир.

Миробод туманида ташкил этилган тадбирга нуронийлар, меҳнат фахрийлари, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Миробод тумани ҳокими Ш.Пўлатов ва бошқалар мамлакатимизда катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотни яхшилаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз, айниқса, ёш авлодда меҳр-оқибат ришталарини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиш, нуроний отахон ва онахонларга ҳурмат кўрсатиш, ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларга ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги қайд этилди.

– Кексалар ва фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиш баробарида уларни ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир, – дейди «Нуроний» жамғармаси Миробод тумани бўлими раиси Ботир Усмонов. – Бу эса биз ёши улуғларга ҳам ғайрат-шижоат бағишламоқда. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини эзгу ишларга бағишлаш, хайрли юмушларни бажариш, фарзандларнинг бахтини кўриш, тинч, осойишта, дориломон кунларда яшаш ҳақиқий бахтдир. Илоҳим тинчлигимизга, фаровон ҳаётимизга, самимий халқимизга кўз тегмасин.

Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди. Таниқли хонандалар ижросидаги қўшиқлар қалбларга шодлик улашди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 612






Все о погоде - Pogoda.uz