Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.03.2017 13:06 Чоп этиш версияси

Эзгу ният, савоб ишлар ифодаси

Эзгу ният, савоб ишлар ифодаси Бугун эрта тонгдан Жиззах вилояти шаҳару қишлоқлари, маҳалла ва кўчалари ҳам Наврўзи олам олдидан ўтказилаётган умумхалқ ҳашарида иштирок этиш, юртимизни янада обод ва кўркам, ҳаётимизни фаровон қилишга ҳисса қўшишни ният қилган юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

Бундай кўтаринки руҳни вилоят марказининг Жиззахлик маҳалласидаги Шароф Рашидов номидаги хиёбонда ўтаётган умумхалқ ҳашарида ҳам кузатиш мумкин.

Шаҳарнинг марказий қисмидаги шоҳ кўчалар чорраҳасида барпо этилаётган хиёбонда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу боис бу ерда қурувчилардан ташқари 3 мингга яқин киши ҳашарга чиққан. Хиёбонни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришда ҳашарчилар фаол иштирок этаётир.

– Ҳашарда муайян ҳудудни, гузар, кўча ё муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам беришдек олижаноб қадриятларимиз бўй кўрсатиши билан бирга, жамиятимиз янгиланаётгани, одамларнинг ҳаётга муносабати ўзгариб, тафаккури юксалаётгани яққол намоён бўлмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Норқул Нўшаров.

Ҳашар кунлари вилоятда 2 минг 300 гектардан зиёд майдон ободонлаштирилади. 2 минг километрлик ариқ-зовурлар тозаланиб, 138 зиёратгоҳ ва 488 қабристон тартибга келтирилади. 2 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахт, 1 миллион 200 мингдан ортиқ гул кўчати экилади. 1 миллион 300 минг туп дарахтга шакл берилиб, оқланади.

Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда.

Ҳашар кунларида вилоят бўйича 968 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси, кекса ва ногирон, ёлғиз қария, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг турар жойлари таъмирлаб берилади. Кўмакка муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга 33 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилади.

Шароф Рашидов туманидаги “Қўшбармоқ”, Жиззах шаҳридаги “Нурлиобод” маҳалла фуқаролар йиғинларининг мебель, компьютер жамламалари билан жиҳозланган янги типдаги замонавий бинолари фойдаланишга топширилди.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
2 183






Все о погоде - Pogoda.uz