Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.11.2017 17:30 Чоп этиш версияси

Эзгу мақсадлар йўлида

Буюк аждодларимизга муносиб бўлишга интилиш фарзандлик бурчимиздир. Бунинг учун, энг аввало, уларнинг илмий изланишлари мақсад-муддаолари, кашфиётлари моҳиятини чуқур англаб етмоқ, мазкур оламшумул тадқиқотларни замонавий талаблар нуқтаи назаридан ривожлантириш, янги-янги изланишларни олиб бориш ва боболаримиз даҳосини бутун дунё бўйлаб тарғиб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 23 майдаги «Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақидаги қарори улуғ аждодларимиз меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу ҳужжатларда ғоят масъулиятли вазифалар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш соҳа мутахассисларидан катта билим, тажриба, фидокорона меҳнатни талаб қилади.

Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар инсониятга фундаментал илмий кашфиётларни тақдим этган. Жумладан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик саноқ системасини, алгебра фанини яратди. Аҳмад Фарғоний – сферик астрономиянинг асосчиси. Абу Наср Форобий юнон фалсафасининг Европага тарқалишига, мантиқ илмининг оламга ёйилишига сабабчи бўлган. Аллома мусиқа оҳангларини қоғозга ёзиш ва ижтимоий жараёнларни социологик таҳлил қилиш усулларини ҳам кашф этган. Абу Райҳон Беруний инсониятга ўнлаб янги фанларни инъом қилди. Замонавий тиббиёт пойдеворини яратган Абу Али ибн Сино тадқиқотлари, қиёсий тилшунослик асосчиси Маҳмуд Кошғарий асарлари, Юсуф Хос Ҳожиб ва Аҳмад Югнакийнинг насиҳатномалари бебаҳо бойлигимиздир. Мирзо Улуғбек академиясида изланишлар олиб борган олимлар – Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи, Чағминий ва бошқа алломаларимизнинг математика, тригонометрия, геодезия, сферик астрономия каби илмлар соҳасидаги юзлаб кашфиётлари, жумладан, улар томонидан ўнлик касрларнинг яратилиши ҳозирги замон фанларида кенг қўлланилмоқда.

Уларнинг илмий мероси қўлёзма ва тошбосма китоблар тарзида дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги нуфузли кутубхоналарда сақланмоқда. Масалан, Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг форс тилидаги "Зижи Хоқоний дар такомили зижи Элхоний" астрономик жадвали, осмон ёритқичларининг географик кенглиги ва узунлигини аниқлаш учун кашф этилган астрономик асбоб ҳақидаги "Боғлар сайри" номли асари ва "Осмон нарвони" асари, Али Қушчининг "Астрономияга оид рисола"сининг энг қадимги нусхаси, шунингдек, астрономияга оид араб тилида ёзилган "Фатхия" номли асари ва бу асарга Мирам Чалабий томонидан ёзилган шарҳ, "Қибла азимутини тадқиқ қилиш"га оид асари жаҳоннинг нуфузли кутубхоналарида сақланмоқда.

Алломаларимиз наинки дунёвий фанлар, балки эътиқод ва диний илмлар бўйича ҳам минг йиллар мобайнида дунё мусулмонларига устозлик қилганлар. Бу ҳақда буюк исломшунослар "Ислом дини Арабистонда шаклланган бўлса, Мовароуннаҳрда камолга етган" деган фикрни билдирадилар. Дарҳақиқат, ҳадис илмида пешқадам бўлган алломалар Маҳкул Насафий, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Насоий, калом илмида Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, араб тили грамматикаси қоидаларини яратган ва "Аллоҳнинг қўшниси" ("Жоруллоҳ") деган юксак эътирофга сазовор бўлган Маҳмуд Замахшарий, фақиҳлар етакчиси Бурҳониддин Марғиноний, тасаввуфда эса Саид Бурҳониддин Қилич, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор, Махдуми Аъзам каби етук уламолар ислом дини тараққиётида, бу диндаги бағрикенглик, инсонпарварлик, илмпарварлик ғояларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Бугунги кунда исломшунослик жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида изчил ривожланмоқда. Бу йўналишда фаолият олиб борувчи йирик илмий-тадкиқот марказлари ташкил этилмоқда. Илмий рисолалар, даврий журналлар нашр этилмоқда, халқаро симпозиумлар ўтказилмоқда.

Дунё маърифий исломнинг бунёдкорлик моҳиятини англаб етмоқда. Исломда етакчи шиорлардан бири бўлган "Илм ибодатдан афзалдир" тамойили исломнинг асл моҳиятини, унинг ер юзида маънавий етукликни, маърифатни, адолатни, бағрикенгликни, бошқа динларга нисбатан бағрикенгликни, сабр-тоқатликни, шукроналикни тарғиб этувчи, инсонларни меҳр-мурувватга, саховатга, эзгуликка, инсоф ва диёнатга чорловчи дин эканлигини кўрсатади. Исломдаги бу қадриятни ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш одамларни ўзаро меҳр-оқибатли, инсофли ва саховатли бўлишга чорлайди.

Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши исломшуносликка оид тадқиқотларнинг юртимизда янада ривож топишига туртки беради, албатта. Ушбу марказда халқаро алоқаларнинг йўлга қўйилиши исломшунос олимларимизнинг жаҳондаги шу каби марказлар тадқиқотчи ва олимлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ривожланишига кенг йўл очишига шубҳа йўқ. Зеро, илмнинг ривожида олимларнинг ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Сир эмаски, бугунги геосиёсий жараёнлар фаоллашган, жаҳон миқёсида манфаатлар тўқнашуви кескинлашган даврда айрим носоғлом кучлар ислом динидан ўзининг тор геополитик мақсадларини қондириш йўлида фойдаланишга уринмоқда. Бу борада улар кўпчиликнинг ислом дини ва унинг асл моҳиятидан кам хабардорлигидан фойдаланиб, бундай кишиларга исломни тажовузкор, шафқатсиз ва агрессив куч сифатида кўрсатишга уринмоқда. Ўз ёвуз мақсадини амалга ошириш учун ислом дини ҳақидаги билими саёз, соддадил, ишонувчан ёшлардан ҳам усталик билан фойдаланишмоқда. Бундай адашган ёшларга "эътиқоднинг софлиги", "адолатни тиклаш", "кофирлар ва муртадларни жазолаш" ғоялари остида жангарилик, сохта жиҳодчилик ва шаҳидлик тарғиб этилмоқда. Оқибатда бегуноҳ одамлар қони тўкилмоқда, шаҳарлар вайрон бўлмоқда, бешафқат ва тажовузкор мақсадлар йўлидаги оқимлар пайдо бўлмоқда.

Шундай тажовузкор оқимларнинг ҳалокатли йўли асл ислом динининг табиатига хос эмаслигини Имом Мотуридий бобомиз асослаб берган бўлса, ундан кейин алломанинг шогирдлари Абул Муъйин Насафий жамоатчиликка изоҳлаб берган. Яна бир аллома Абулмутиъ Макҳул Насафий эса ўзининг "Китобу-р-радд ала аҳли-л-бидъати ва-л-аҳво" ("Бидъат аҳли ва уларга эргашувчиларга раддия китоби") асарида адашган оқимларнинг хатоларини кучли мантиқий далиллар билан исботлаган. Хуллас, бобокалонларимиз жангари оқимларнинг йўли исломга зид йўл эканлигидан халқни ўз вақтида огоҳлантирган. Бундай асарлар бугунги кунда бузғунчи ақида эгаларининг ғоясига зарба берувчи асосли қўлланмалар бўлиб хизмат қилади. Марказ олимлари юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, алломаларимизнинг ана шундай йўлланма кўринишидаги асарларини ўзбек тилига таржима қилишни ҳам мақсад қилиб олганлар.

Бу йўлда хорижлик олимлар билан ҳамкорлик яхши натижалар бериши мумкин.

Эндиликда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида хорижлик олимлар билан бевосита ва билвосита мулоқот олиб боришга кенг имкониятлар яратилади. Ушбу марказда ташкил этилажак халқаро анжуманларда хорижлик олимлар маърузалар қилиши билан бирга, юртимиз олимлари ҳам чет элдаги илмий анжуманларда қатнашиб, ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашади.

Бундан ташқари, марказда хорижлик илмий тадқиқотчилар учун тажриба орттириш, тадқиқот олиб бориши учун барча имкониятлар яратилади. Улар қулай иш ва яшаш шароитлари билан таъминланади. Юқори тезликдаги интернет тармоғи узлуксиз ишлаб туради. Марказнинг интернет сайтида 3-4 тилда ахборот янгиланиб борилади. Юқори сиғимли серверида барча ахборотлар тизимли тарзда архивланиб туради ва уларнинг сақланиш кафолати таъминланган бўлади. Марказ олимлари дунёдаги бошқа исломшунослик марказлари билан онлайн ва офлайн усулларида боғланиб, интернет-конференцияларда қатнашиши мумкин. Олимларнинг нутқлари синхрон тарзда бир тилдан бошқасига таржима қилиб борилади.

Марказ халқимизнинг қўлида ўрганилмасдан ётган қўлёзма ва тошбосма асарларни сотиб олиб, қўлёзмалар кутубхонасини бойитишга ҳам эътибор қаратади. Бу борада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда аҳоли қўлидаги ноёб китобларни йиғиб, уларнинг электрон нусхаларини тайёрлаш, таъмирталаб китобларни таъмирлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу ҳужжатга асосан қўлёзма эгасининг китобидан нусха олингач, бу китоб эгасининг хоҳишига кўра, унга қайтариб берилиши ёки китоб таъмирланиши ёхуд марказдаги махсус қулай иқлимли шкафларда сақланиши кафолатланади.

Ҳозирги пайтда қарийб ҳар бир хонадонда, баъзан эса олий ўқув юртларининг қўлёзмалар кутубхоналарида боболардан мерос манбалар, қўлёзмалар ва тошбосма асарлар, ҳужжатлар, вақфномалар, васиятномалар, насабномалар мавжудлиги эҳтимоли катта. Бу ҳужжат ва китобларни кишилардан, уларнинг хоҳишига биноан, сотиб олиш ёки электрон нусхаларини кўчириб олиш долзарбдир. Бундан ҳар бир фуқаро манфаатдор бўлиши лозим. Сабаби бу ҳужжатларда халқимизнинг қадимий тарихи, аждодларимизнинг ноёб маънавий мероси, нодир сирларни ўзида мужассамлаштирган китоблари, тузалмас дардларга даво берувчи ахборотларга эга қўлланмалар, буюк боболаримизнинг дастхатлари сақланаётган бўлиши мумкин. Уларни ўрганиш тарихий хотирани тиклаш билан баробар эканини ҳар бир фуқаро англаса, айни муддао. Марказ ходимлари бу йўналишда йирик ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ҳадисшунослик бўйича ҳам илмий тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган. Маълумки, бу борада Марказий Осиёда катта тажриба тўпланган. Юзлаб, минглаб ҳадисшунослар ҳадисларни ўрганиш, уларнинг санадини ва сахиҳлигини аниқлаш бўйича ўзига хос мактаб яратилган. Бу тажриба кейинги икки юз йил давомида бой берилди. Негаки, мустабид тузум даврида ҳадисшунослик тажрибалари йўқотилган эди. Бу даврларда Ўрта Ер денгизи соҳилларида, Яқин Шарқ ва Африкада, Тинч океани минтақасидаги мамлакатларда ҳадисшунослик анъаналари ривожланиши давом этди. Марказ тадқиқотчилари зиммасида ҳадисшуносликка оид тажриба ва анъаналарни тиклашдек масъулиятли вазифа турибди. Уни адо этиш учун олимларнинг халқаро ҳамкорлигини кучайтириш муҳим саналади.

Марказда ҳадисшунослик билан бир қаторда қуръоншунослик, тафсиршунослик, тасаввуф йўналишларида ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Бу тадқиқотчилардан араб тили қоидаларидан яхши хабардор бўлишни талаб қилади, шу сабабли илмий ходимларга араб тили қоидалари бўйича дарслар ташкил этилади. Тадқиқотчилар исломшунослик соҳасидаги изланишларини муваффақиятли амалга ошириши учун уларнинг юртимиз тарихи, манбашунослик, мантиқ ва фалсафа фанлари соҳасидаги билимларини ҳам чуқурлаштириш мақсадга мувофиқ.

Олимларимиз учун илмий-тадқиқот методологияси бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этиш тадқиқотларнинг сифатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Марказ олимлари тўплаган тажрибалар асосида илмий мақолалар, монография ва илмий ишлар тўпламлари нашр этилади. Тадқиқот натижаларини ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилиб борадиган академик илмий журнал ҳам нашр этилади. Бу мақолалар ҳозирча "Имом Бухорий сабоқлари" журналида чоп этилади. Мазкур журналнинг тиражини ошириш ва ҳажмини кўпайтириш ниятимиз бор. Журнал таҳририяти таркибида ўзбекистонлик олимлар билан бир қаторда хориж мамлакатларининг таниқли олимлари ҳам бор. Яқин орада журналга халкаро даражадаги импакт фактор мақомини олишга интилмоқдамиз.

Самарқанд вилоятининг Хўжа Исмоил қишлоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг чап қанотида олти гектарлик майдонда бунёд этилаётган улуғвор иншоотда исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни муваффақиятли олиб боришга мўлжалланган барча шароит яратилади. Марказнинг ўз қўлёзмалар кутубхонаси, китобларни таъмирлашга мўлжалланган лабораториялар, конференция заллари, музей, халқаро шартномалар имзолаш хоналари, меҳмонларни кутиш заллари, тадқиқотчилар учун кабинетлар, ҳадисшунослар, тафсиршунослар, каломшунослар, фиқҳшунослар учун махсус хоналар, Қуръон тиловати машғулотлари учун жиҳозланган кабинетлар, нашриётчилар хонаси, намозхона, халқаро ҳамкорлик хоналари, бошқа ёрдамчи хоналар илғор ахборот технологиялари билан жиҳозланади.

Бунёд этилаётган бу марказ жаҳонда муқаддас динимизнинг обрўсини сақлаш, исломнинг маърифатпарварлик, тинчликпарварлик ва инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бузғунчи кучларнинг вайронкор фаолиятини маърифий йўл билан жиловлаш, бу йўлда жаҳоннинг тинчликсевар кучларини ғоявий бирлаштириш мақсадларига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Ш.Зиёдов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори,

Б.Тўраев,
марказ директорининг ўринбосари, 
фалсафа фанлари доктори, профессор. 

ЎзА
2 138






Все о погоде - Pogoda.uz