Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 12:39 Чоп этиш версияси

Эътирофга муносиб спортчи қиз

1 (2).JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 мартдаги қарори билан бир гуруҳ иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар сафида Тошкент шаҳри Миробод енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нигора Турсунқулова ҳам бор.

Таэквондо бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, ХХXI ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Нигора эришаётган ютуқларга бугун тенгдошлари ҳавас қилади.

Спортга меҳр қўйган қизлар соғлом, руҳи тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етади. Қизларнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат саломатлигида, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланишида, маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Н.Турсунқулова 2010 йили таэквондо бўйича Тошкент шаҳар чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. 2011-2012 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлди ва мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси сафига қабул қилинди.

2013 йили Германияда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган халқаро мусобақада совринли ўринни қўлга кирита олмаган бўлса-да, руҳан синмади, ўз устидан тинимсиз ишлади. Ўз олдига янада жиддий мақсадлар қўйди ва ўша йилнинг ўзида 14 ёшли спортчимиз Жанубий Корея очиқ чемпионатида олтин медалга эга бўлди.

– Нигора илк маротаба машғулотга келганида у машқларни тўғри бажаришга ҳаракат қилаётгани, мазкур спорт турига бўлган қизиқиши ва кўзларидаги иштиёқини кўриб, келгусида истеъдодли спортчи бўлиб етишишига ишонган эдим, – дейди мураббийи Дмитрий Хван. – Бугун у барчамизнинг ишончимизни оқлаб келмоқда. Унинг ўз устида тинимсиз ишлаши ва юксак марраларни кўзлаётгани бизни қувонтиради.

Астойдил қилинган меҳнат бесамар кетмайди. Бунинг исботини Нигора мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Нигора 2015 йили Хитой Тайпейи мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон кубогида олтин медаль билан тақдирланди.

Ўтган йили иқтидорли спортчимиз Филиппин пойтахти Манила шаҳрида ўтган ХХXI ёзги Олимпия ўйинлари саралаш мусобақасида гонгконглик Минг Чан, иорданиялик Жуляна Ал-Садек устидан зафар қучди ва Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Спортда эришаётган ютуқларим давлатимиз томонидан юқори баҳоланиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганимдан бахтиёрман, – дейди Нигора. – Айниқса, бу мукофотни Президентимизнинг шахсан ўзлари топширгани икки карра бахт. Бу менга янада катта масъулият юклайди. Мақсадим – Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиб, юртимиз довруғини жаҳонга таратишдир.

Мамлакатимизда ёш авлодни, айниқса, қизларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, ноёб истеъдод ва қобилият эгаларини муносиб рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрлик юксак самаралар бермоқда. Йигит-қизларни улкан марралар сари чорлаб, юртимиз шону шавкатини дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадлар сари етаклаётир. Буни Нигора каби ёшлар ўқишда ва спортда эришаётган юқори натижалар яққол тасдиқлайди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
3 480






Все о погоде - Pogoda.uz