ЎзА Ўзбек

17.05.2018 17:26 Чоп этиш версияси

Эътирофга лойиқ истеъдод эгалари

Эътирофга лойиқ истеъдод эгалари Навқирон авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишида жисмоний тарбиянинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилмоқда.

Хусусан, анъанавий тарзда умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган ёшлик ва спорт байрами – “Умид ниҳоллари” мусобақалари янги истеъдодларни кашф этиб, уларнинг юксак парвозларида қанот бўлмоқда. Спортнинг 21 тури бўйича ўтказилган бу йилги баҳсларда вилоят бўйича 55 минг нафар ўғил-қиз қамраб олинди. 

2.JPG

– Ушбу спорт беллашувларида бокс бўйича иштирок этиб, 2-даражали диплом билан тақдирландим, – дейди Кармана туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Диёрбек Амонов. – Мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрган эдим. Бироқ, конимехлик рақибимнинг тажрибаси юқорилиги боис финалда имкониятни бой бердим. Мен бундан асло хафа эмасман. Спорт биз, ёшларни дўстлаштирди, янада бирлаштирди. Ўзимнинг камчиликларимни тўғри англадим. Мақсадим, юртим шаъни учун рингга кўтарилиб, ўзбекнинг енгилмас ўғлони эканимни исботлайман. 

9 (1).JPG

Дўстлик байрамига айланган маросимда ғолиб жамоалар муносиб тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Навоий шаҳри жамоасига Президент совғаси – “Damas” автомобили, кубок ва диплом тантанали равишда топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Зарафшон шаҳри ҳамда Хатирчи тумани жамоалари эгаллади.

Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз улашди.

12.JPG

Н.Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
3 869