Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 14:47 Чоп этиш версияси

Эътибор ва мукофот – ижодга рағбат

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар маданий-маънавий ҳаётимиз, хусусан, бадиий ижод соҳасида ҳам ўз ифодасини топаётир. Анъанавий ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови Жиззах вилояти босқичи иштирокчиларининг бу йилги ижодий ишларида ҳам халқимиз онгу шуури, тафаккурида юз берган улкан ўзгаришлар яққол намоён бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган танловда вилоят ижодкорларининг 400 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди.

Тадбир давомида ташкилотчилардан бирига “Ушбу кўрик-танловнинг ўтган йилгиларидан фарқи нимада?” деган одатдаги савол билан мурожаат қилиб, ноодатий жавоб олдик.

– Энг катта янгилик шоир Эргаш Муҳаммаднинг танловда иштирок этиши бўлди, – дейди Жиззах вилояти телерадиокомпанияси раиси Э.Шермонов. – Шоирнинг “Мен туғилган уй” шеърий тўпламига ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинацияси бўйича биринчи ўрин берилди. Муаллифни яқиндан билганлар кейинги йилларда матбуотда ҳам, ижодий учрашувларда ҳам кўриниш бермай қўйган шоирнинг танловда иштироки ва ғолиб бўлишини юртимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга, айниқса, ижод аҳли бефарқ эмаслигининг яна бир далили сифатида қабул қилди.

Ўтган асрнинг 70-80-йиллари шеъриятининг фаол вакилларидан бири Эргаш Муҳаммад қатор асарлар муаллифидир. Кўп йиллардан буён фермерлик қилаётган шоирнинг каттагина танаффусдан сўнг адабиёт майдонига янги асар билан қайтиши шеърият мухлисларига яхши совға бўлди.

Шоирнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган "Мен туғилган уй" китобига киритилган шеърларда мустақиллик, Ватан, тинчлик мавзулари, юртимизда, одамлар ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ўзига хос услуб ва тилда баён этилган.

– Мамлакатимизда асрларга татигулик тарихий воқеалар кечаётир, – дейди Эргаш Муҳаммад. – Айниқса, давлатимиз раҳбари яқинда ижодкорлар билан ўтказган учрашувида адабиёт, журналистика, маданият ва санъатнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятига юксак баҳо бериб, соҳадаги камчилик ва муаммоларни рўй-рост ўртага ташлагани барчамизни сергаклантириб, Ватан ва халқ олдидаги бурчимизни чуқур ҳис этишга ундади. Барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқлар, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалаётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, аҳоли турмуш даражаси ошиб бораётгани биз, ижод аҳлига янада илҳом бағишлади. Бундай ҳолатда бир четда томошабин бўлиб туришга виждон йўл қўймайди.

Бадиий асарлар номинациясида шоир Эргаш Муҳаммад, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари бўйича “Жиззах ҳақиқати” газетаси мухбири Муқаддас Сафарова, телевидение ва радио ижодкорларининг энг сара материаллари йўналишида вилоят телерадиокомпанияси мухбири Шаҳзода Норқулова, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинациясида Жиззах санъат коллежи ўқувчиси Артём Холов, кино санъати асарлари номинациясида вилоят телерадиокомпанияси мухбири Шаҳноза Норбоева ғолибликни қўлга киритди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 120






Все о погоде - Pogoda.uz