Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 19:30 Чоп этиш версияси

Эътибор ва эҳтиром ифодаси

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда ички ишлар тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов мустақиллик йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини, ижтимоий ҳаётдаги нуфузини оширишга алоҳида аҳамият қаратилиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Бунинг самарасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий демократик ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнидаги фаоллиги ошди. Бугун минглаб аёлларимиз турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, мустақил Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирги кунда ички ишлар органларининг жиноят қидирув, тергов, шахсий таркиб билан ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги, қоровул қўшинлари бош бошқармалари, эксперт – криминалистика хизматлари, ахборот маркази, тиббиёт ва молия-иқтисод бўлимларида минглаб хотин-қизлар эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда чинакам фидойилик кўрсатиб, хизмат қилаётир.

– Президентимиз томонидан хотин-қизларга кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлик биз, аёлларга куч, шижоат бағишламоқда, – дейди Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси муҳандиси Ҳилола Темирова. – Бундай юксак эътибор ва эҳтиромга биз аёллар оилада Ватанимиз равнақига ҳисса қўшадиган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб, шарафли ишимизга янада масъулият билан ёндашиб, муносиб жавоб қайтарамиз.

Таниқли санъат усталари ва вазирликнинг ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган аёл, она, Ватан, муҳаббатни улуғловчи дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 266






Все о погоде - Pogoda.uz