Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 10:46 Чоп этиш версияси

Эртанги кун ёшларники, марра ёшларники

Қизириқ туманидаги Бандихон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида Республика Маънавият тарғибот маркази Сурхондарё вилояти бўлими ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Бирлашиб катта кучмиз!”, “Биз, ёшлар ёт ғояларга қаршимиз!” шиорлари остида “Эртанги кун бизники, марра бизники” мавзусида ёшлар фестивали ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун барча шароитни яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ҳамда Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Фестиваль доирасида югуриш марафони, футбол мусобақаси, “Қувноқ шаҳарча”, "Моҳир ошпаз" беллашувлари, “Виждонли сотувчи”, “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳалари, коллеж битирувчилари ва уюшмаган ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

– Вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларидаги барча ёшларни қамраб олишга қаратилган мазкур фестиваль бошқа туманларда ҳам ўтказилади, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Сурхондарё вилояти бўлими масъул ходими Ш.Турдиев. – Ушбу тадбирнинг ўзига хос жиҳати “Қувноқ шаҳарча” мусобақаси бўлиб ўтганидир. Унда коллеж ҳудудида ташкил этилган ўнта бекатда иштирокчиларнинг якка ва жамоа шаклидаги турли беллашувлари ўтказилди.

“Зукко китобхон” деб номланган дастлабки бекатда жамоаларнинг ҳар бир ўқувчиси дарахт шаклидаги саволлар жойлаштирилган таблодан жавоб топди. Бекат раҳбари томонидан кўрсатиладиган расмларга қисқача ҳикоя тузди. “Рассомлар” бекатида иштирокчилар “Менинг келажагим” мавзусида расм чизди. “Биласизми?” номли учинчи бекатда қизиқарли, кўргазмали топишмоқлар, тезкор савол-жавоблар ўтказилди. “Ақлли компьютер” бекатида ёшлар ўзлари танлаган соҳа бўйича билим ва кўникмасини намойиш этди. “ЭКО-саломатлик”, “Саҳна маҳорати”, “Тадбиркорлик”, “Шахмат ва шашка”, “Ноёб иқтидор”, “Маънавият ва маърифат” бекатлари ҳам қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Фестиваль доирасида бадиий ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 590






Все о погоде - Pogoda.uz