ЎзА Ўзбек

05.09.2018 10:30 Чоп этиш версияси

Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат очилди

Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат очилди

Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

45fdda27-5954-436a-9d18-43b55d98a8ca.jpg

Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ва бошқалар мамлакатимизда ёзувчи ва шоирларимизнинг номларини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар адабиёт, маданият ва санъатимизга бўлган юксак эътибор намунаси эканлигини таъкидлашди.

50a0797c-1358-42cd-ac49-504b04f9e208.jpg

Атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган. Юртимизда инсон қалбидаги нозик туйғуларни, халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ҳамда истиқлолни ўзининг гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат билан ифодалаган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Зеро, шоир ўзликни англаш, миллий ғурур-ифтихор туйғуларини юксак пардаларда тараннум этади, ҳар биримизни бахт ва шодлик, тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди.

96e6b044-2a88-4ddc-9248-b3df404579c7.jpg

Э.Воҳидов “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратган шоирлардан биридир.

f866e63f-575c-4308-b890-cc5468957f32.jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ижодий меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этилиб, Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди ва мемориал музейи бунёд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди. Мазкур мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чоралари кўрилди.

– Мазкур мактаб-интернатни ташкил этишдан мақсад Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шароитлар яратишдир, –дейди мактаб – интернат директори Нигора Маннопова. – 2018-2019 ўқув йилида 5-8-синфларга 150 нафар истеъдодли ўқувчиларни қабул қилдик. Албатта бу маскан Эркин Воҳидов каби буюк ижодкорларни камол топишига хизмат қилади.

Мактаб-интернат ўқувчилари томонидан таниқли шоирларнинг рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърлари айтилди. Бу ердаги илк сабоқ “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилиб, истиқлолимизнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Мактаб-интернатнинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

М.Сулаймонов, ЎзА
5 950