Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2018 21:20 Чоп этиш версияси

ЭРКАЛАСА ОТАСИ ТАЛТАЯДИ БОЛАСИ

ЭРКАЛАСА ОТАСИ ТАЛТАЯДИ БОЛАСИ

СЕНАТОР пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст мансабдорлар ҳақида фикр билдирди

Кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар ва ҳатто марҳумлар хотирасига бағишланган маросимларни ўтказишда ҳам шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар илдиз отиб кетаётгани гувоҳи бўлаяпмиз. Кўра-била туриб, ўшанақа “Ким ўзарга” қилинаётган тўю маросимларнинг бир четида ўтириб, “Роса йиғинган экан-а, баракатопкур, аямай сочди-я”, деган мақтовни ҳеч уялмай қистириб қўямиз...

Йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу каби иллатларга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучаймоқда.

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларини амалга оширмоқда.

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётир. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Қизи бор уйнинг файзу фариштаси бўлади. Бундан фахрланамиз. Негаки, оиламизда навниҳолдек маликалар камолга етмоқда. Келажагимиз давомчиси қизларимизни оқ ювиб, оқ тараб, ҳеч кимдан кам қилмай тарбиялаймиз, кўз қорачиғидек асраб-авайлаймиз, ўқитамиз, касб-ҳунарли қиламиз. Гоҳо меҳр-муҳаббатимизни ошкора намоён этмасак-да, унинг бахту иқболи йўлида ҳамма нарсага тайёр турамиз.

Ҳар бир ота-онанинг, бобою бувининг дилидаги истаклари ҳам шу. Бунга қўшилмасликнинг асло иложи йўқ. Зеро, оқила, лобар, зукко қизларимиз, гулу гунафшаларимиз ҳаётимиз давомчиларидир. Ана шундай эзгу тилак билан уларни турмушга узатамиз, ўзга хонадонда тиниб-тинчиб, ўзидан кўпайишини тинмай ният қиламиз.

Аммо шу ўринда аччиқ бир ҳаётий ҳақиқатни айтмасак бўлмас. Гап шундаки, қизларимизга бўлган муносабат куёв томонга қилинган сарпо-суруқлару мебелларга қараб ўлчанаётгани, кўпинча фақат шунга оила пойдевори, тамал тоши сифатида қаралаётгани сизни ташвишлантирмайдими? Энди айтинг-чи, қиз томоннинг мебель қилиши қайси урф-одатимизга тўғри келади? Нега жондан азиз дилбандимизни турмушга бергач ҳам “Уни олиб бериш керак!”, “Буни етказиб бериш керак!” деган янгича иллатлардан қутулолмаймиз? Нима, қизни келин қилиб узатган жойимиз, яъни қудаларимиз жондан азиз жигарбандимизнинг қадрини ана шу мебелу латта-путталар билан ўлчайдими?!.

toy.jpg

Қизи бор уйнинг эшигини қоқиб келишади, “Қулчиликка келдик” деб қизидан бошлаб, унинг етти уруғ-аймоғигача мақтовларни ёғдирамиз, “Ундоқ қиламиз!”, “Мундоқ қиламиз!” деб бир амаллаб нон синдириб олсак бас, қолгани янги-янги “урф-одатлар” болалаб чиқиб келаверади. Икки ёки уч хонали бўм-бўш уйни кўрсатиб, қанақа гилам, парда, кўрпа тўшак, мебель ва жиҳозлар билан тўлдириш кераклигини уялмай-нетмай рўйхат қилиб берамиз. Ҳатто келин қилиб олиб келаётган қизимизнинг янгаларини чақириб, шу “бор-йўғи икки-уч хона” ҳажмини ҳам ўлчаб кетишларини тайинлаймиз. Келин тушмасдан қуда тарафнинг келиши қайси урфимизда бор экан?
Молиявий имконият, исрофгарчилик, одоб-андиша ва ёшларнинг бахту саодати учун нима қилиш зарурлиги эсдан чиқиб кетади. Йўқ, ҳамма нарсанинг ўрнини ҳавойи орзу-ҳаваслар эгаллайди. “Оёғимни тираб туриб олсам, қуда томон ҳаммасини қилади, чунки “Фотиҳаси қайтган қиз” деган иснодни ҳеч ким истамайди. Шундай қилсам, элнинг олди бўламан, қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида обрўйим ортади, дея хом сут эмган бандалигимизга борамиз.

Сўнгги пайтларда қиз узатаётганлар куёв томонидан қўйилаётган қатъий талаблар билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқда. Келиннинг сепида келадиган мебеллар ўзимизники эмас, чет элники бўлсин. Куёв аталмишнинг бош-оёқ сарпоси, албатта, хорижники бўлиши шарт. Ҳатто ҳали тузукроқ танишиб улгурмаган “қуда бўлмиш"нинг “пасткаш”лигию “қурумсоқ”лиги етти маҳаллага достон бўлади, қўяди. Ахир, эр томоннинг ор-номуси кучлироқ бўлиши керак эмасми? Келин томондан сандиқсифат қутиларда келган, йилнинг тўрт фаслига мос кийимлару мебеллар устига ўтирволиб, “Мен шу уйнинг эркагиман” дейишдан қачон уяласиз, э кўксига “Мен йигитман!” деб юрган қадрли ўғилларимиз?!.

Нега? Нима учун? Қайси тамойилу, қайси урф-одатимизга кўра, бир умр йиққанимизни бир кунда сочамиз?!.

Ота-она бамисоли қўрғон. Шу боис фарзанд туғилганидан бошлаб сарпо-суруқ йиғишга киришилади. Бу қадимий таомил, қолаверса, “тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, эртанги куннинг “ташвиши”ни енгиллаштиришга интилиш натижаси. Муштипар оналаримизнинг ўзлари емайди, ўзлари киймайди, аммо сандиғини зебу зийнат, алламбало матоларга тўлдиради. Бир қарашда бундан айб қидириш одобдан эмасдек туюлади. “Болаларим улғайгач, эл-юртга дастурхон ёзиб, тўю томошалар қиламан”, деган ниятнинг нимаси ёмон?! Аммо бу ишларимиздан ёши бир жойга бориб қолган бобо-бувиларимиз, бошларини қашлаб, баъзан кинояли тарзда “Аввалгиларга ўхшамас”, деганларида ҳам бу гапларида аччиқ ҳақиқат борлигини ҳис қила билмаймиз. Бундан 30-40 йил олдинги маросимларимиз билан ҳозиргиларини таққосласангиз, ўртада ер билан осмонча фарқ борлигини кўриб, “Эҳ, аттанг!” деб юборишингиз аниқ.
Келинг, энди тўйларимизнинг ичига яқинроқдан кириб кўрайлик.

Суннат тўйи, ёш боланинг камида беш йиллик эҳтиёжи учун “латта-путтаю тақир-туқурлар ярмаркаси” ўтказилади. Биз яқинларимизнинг фарзандлари учун қилган лаш-лушларимиз бирма-бир қайтмаса ёки Худо кўрсатмасин, бирорта қариндошимизни айтишни эсдан чиқарган бўлсак, тамом, яхши ниятда қилинган тўй маросимимизнинг буёғи қандай тус олишини кўз олдингизга келтириб кўраверинг...

Келин тўйи, ким ўзарга қўша-қўша бир хил рангдаги, бир русумдаги машиналар эшелони катта йўлнинг ўртасига тушиб олиб, бутун маҳаллани бошига кўтариб кириб келмаса, ҳисобмас. “Сал камроқ бўлса бўлмайдими?” деган саволга жавоб ҳам тайёр: “Орзу-ҳавас қилган, фарзандимнинг кимдан кам жойи бор!” ёки “Ҳа, энди элдан кам бўлмайлик, дедик-да” Кейин банкет, никоҳ маросими, базм, ҳаммаси ким ўзарга, сохта обрў орттириш учун эканлигини наҳотки билмаймиз? Буларнинг бари ортиқча дабдабалигини биламиз, аммо тушунишни ҳоҳламаймиз.

Жон-жигарларимиз, дўсту биродар бўлган эркакларимиз, “Неча кило гуруч дамладинг, гуруч лазерми, нечта қўй сўйдинг, сўйилган ҳўкизинг неча кило гўшт қилди, қанча одам айтдинг, фалончи хонандани таклиф қилмадингми?” деган саволларни беришадию, ҳеч бири, “Шунга имкониятинг борми, эртанги кунингни ўйлаяпсанми, ортиқча сарф-харажат қилмаяпсанми, уволдан қўрқмайсанми?” деб сўрамайди.

Мени кечиришсину, аммо маросимларимизнинг шундай тус олишида янги-янги, минталитетимизга мутлақо хос бўлмаган “удумлар”ни ўйлаб топаётган, ҳар биримиз учун мўътабар бўлган аёлларимиз айбдор эмасмикан?!.

Аёлларимиз-чи, “Элита пардани кимга “заказ” бердинг, нечта мебель олдинг, қаерники, нечта гилам олдинг, ҳамма қариндошларга ва бўлажак қудаларга алоҳида, куёвга алоҳида сарупо олдингми, фалончи, писмадончини айтиш ёдингдан чиқмадими?” каби ва ҳакоза саволларни беришдан тап тортмайди. Лекин ҳеч бири “Тўхта, нима қиляпсан, шунча қилинган орзу-ҳаваснинг ёшлар бахтли ҳаёт кечириши учун фойдаси борми, куёв ва қиз ҳаётга тайёрми, бу сарф-харажат билан эртага эрингнинг қаддини букиб қўймайсанми?” деган саволни беришмайди. Барчасидан ҳавойи орзу-ҳавас, манманлик ва исрофгарчилик устун келади. Ҳа, нима эмиш “шавла кетса кетсин, обрў кетмасин”...

Энди бир ўйлаб кўрайликчи, ойига ўртача 2 миллион сўм даромад қилиб, 1 миллион сўмини орттириб қўйиш имкониятига эга ўртаҳол оила 2 нафар фарзандини уйлантириши ёки 2 қизини узатиш учун неча йил давомида тер тўкиб меҳнат қилиши лозим? Бунга имконияти етмаганлар-чи? Улар нима қилишсин?!.

Меҳмонлар сони тўй соҳибининг обрў-эътиборини белгиловчи мезонга айланган чоғи, қўшни маҳаллаларнинг таниш-нотаниш аҳлини шодиёнага чорлаш одат тусига кирди. “Элдан чиқмаслик” таомилига риоя қилишга мажбур бўлган оддий оилалар учун бу урф-одатлар жуда қимматга тушаяпти.

Тўғри, икки томон ўзаро келишиб, “бор товоғим – кел товоғим” ақидаларига нуқта қўйиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Бироқ бу ўнта оиладан биттасига тўғри келишини инобатга олсак, иллат илдиз отса отаяптики, асло камайгани йўқ?!.

Ахир, ана шу ортиқча дабдабабозликка сарфланаётган маблағлар хайрли ишларга йўналтирилса, қандай соз бўларди. Шундай экан, мамлакатимиз жамоат ташкилотлари фаолларининг мурожаатига қулоқ тутиш, амал қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, қалб амримиз эмасми? Маҳалла оқсоқоллари тўю маросимларимизга чуқурроқ аралашишса, эркакларимиз ҳам “Ҳа, энди эл қилганини қилаяпмиз-да!” дея сарф-харажат жиловини “янгича урф”ларни ўйлаб топаётган аёлларимизга бериб қўймай, нуроний отахону онажонлар, маҳалла-кўй билан бамаслаҳат иш қилишса, ёмон бўлмасди. Бир кунлик сохта обрў орттириб, йиллаб қарз тўлаб юрмасди. Кенгашли тўй тарқамас, дейишади, келинг яна бир карра бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрайлик.

Мирзахмат Шаимов,
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

ЎзА
13 077