Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:57 Чоп этиш версияси

Ер юзида уруш бўлмасин!

Ер юзида уруш бўлмасин! 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда, совғалар топширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган бундай саховат тадбирларидан нуронийлар мамнун.

“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа бир қатор ташкилотлар вакилларидан иборат гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Наманган шаҳрида яшовчи Низомхон ота Сатторов, Наманган туманида яшовчи Абдусалом ота Раҳмонов хонадонида бўлди. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан белгиланган пул мукофоти, жамғарма ва ҳомий ташкилотлар томонидан юмшоқ мебеллар тўплами туҳфа қилинди.

– Қўлимга қурол олиб, урушга кирганимда 17 ёшли йигит эдим, – дейди 93 ёшли Низомхон ота. – Э, шу ёшимда аёвсиз жангларда қандай даҳшатларни кўрмадим. Урушда аввало ота-онам, яқинларим, қишлоғимни кўз олдимга келтирар эдим. Бир жангда бутун батальондан фақат 4 кишигина тирик қолганмиз. Ҳозир ҳам эсласам, кўзим ўз-ўзидан ёшга тўлади. Турли юртлардан келган навқирон йигитлар эди. Яратганга шукр, бизга шундай дориломон кунларни кўриш насиб этди. Илоҳим тинчлигимизга кўз тегмасин, ер юзида уруш бўлмасин!

– Вилоятда 80 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 3 минг 500 меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси И.Нажмиддинов. – Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эълон қилинган фармон ва қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, 3 нафарининг уй-жойга, 26 нафарининг уй-жойини таъмирлашга эҳтиёж борлиги, 8 нафарига ногиронлик аравачаси, 7 нафарига санаторияларга йўлланма зарурлиги аниқланиб, бунинг амалий чоралари кўрилмоқда. Байрам муносабати билан ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “Нуроний” жамғармасининг республика кенгаши томонидан 300 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари орасидан хаж зиёратига бориш истагида бўлган 8 нуроний рўйхати жамғарманинг республика бошқарувига юборилди.

Шу куни мазкур гуруҳ Наманган шаҳридан Жаббор ота Содиқов, Уйчи туманидан Аҳмаджон ота Мамадалиев, Тўрақўрғон туманидан Ёқубжон ота Раҳматуллаев, Худойберди ота Жамолов ва бошқа туманлардаги уруш фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга пул мукофотлари, машина олиш учун сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
4 183






Все о погоде - Pogoda.uz