ЎзА Ўзбек

04.06.2018 18:01 Чоп этиш версияси

Энг сифатли ва фаол аутсорсинг хизмати аниқланди

Энг сифатли ва фаол аутсорсинг хизмати аниқланди
Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги томонидан аутсорсинг тизимида хизмат кўрсатаётган корхоналарни рағбатлантириш ва уларни муносиб тақдирлаш мақсадида “Энг сифатли ва фаол аутсорсинг” кўрик-танлови ўтказилди.

Унда ҳарбий хизматчилар, аутсорсинг корхона раҳбарлари ва ошпазлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Қўшинларни озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича биринчи марта «Аутсорсинг» тизими жорий қилинди. Аутсорсинг дегани шуки, ҳарбий хизматчиларга кунлик овқат тайёрлаб бериш билан энди армиянинг ўзи эмас, балки мустақил ташкилотлар шуғулланади. Бу ишни ташкил қилиш жойлардаги ҳокимиятларга топширилади. Бундай тизимнинг жорий этилиши шахсий таркибни унга хос бўлмаган вазифалардан озод қилиб, ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз профессионал малакасини оширишга қаратиш имконини беради».

– Бугун армия ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланишлар юз бераяпти, – дейди Қуролли Кучлар академияси озиқ-овқат хизмати бошлиғи Н.Мамасодиқов. – Буларнинг барчаси кишиларда эртанги кунга ишонч туйғуларини ошириб, фидокорона меҳнат қилишга ундайди. Биз учун янгилик бўлган аутсорсинг тизими ҳам ўзининг янги имконият ва кўламларини намойиш қилиб бормоқда. Таъкидлаш керакки, истеъмолчилар фикри – бу тизимнинг нечоғли афзалликларга ва камчиликларга эга эканлигини белгилаб берувчи энг асосий мезонлардан биридир. Ушбу танлов барча иштирокчиларнинг ўзаро тажриба алмашиб, вазифаларини мукаммал бажаришларига кўмак бериши ва рағбатлантириши билан аҳамиятли бўлди.

Танловда “Саховат таом” жамоаси 1-ўринни эгаллади. “Азим траст сервис” 2-ўринни, “Улуғбек Сатторов” жамоаси 3-ўринга лойиқ, деб топилди. “Ошпазлар” мусобақасида Бахтиёр Холиқов 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Маҳмуд Дўстматовга 2-ўрин, Фурқат Мирмаҳмудовга 3-ўрин насиб этди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
4 863