ЎзА Ўзбек

07.03.2018 12:08 Чоп этиш версияси

Энг сара жамоалар ғолиб бўлди

Наманганда мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари ўртасида ўтказилаётган республика кўрик-танловининг ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан 40 ансамбль иштирок этди.

Кўрик-танловда иштирокчи жамоалар халқ чолғулари, анъанавий қўшиқчилик, анъанавий созандалик, рақс, эстрада, катта ва кичик хор, фольклор каби санъатнинг саккиз йўналишида истеъдод ва маҳорат борасида ўзаро баҳслашди. Ансамблларнинг ижролари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Наманган вилояти Чуст туманидаги 15-, Учқўрғон туманидаги 12-, Наманган шаҳридаги 11-, Фарғона вилояти Риштон туманидаги 21-, Фарғона шаҳридаги 4-, Марғилон шаҳридаги 8- ва 9-, Қувасой шаҳар 11-болалар мусиқа ва санъат мактабларининг эстрада вокал ансамбллари, Марғилон шаҳридаги 8-, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 19- ҳамда Андижон шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабларининг жамоалари ғолиб деб топилди.

Шунингдек, танловнинг барча йўналишлари бўйича иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
7 413