ЎзА Ўзбек

12.09.2018 18:45 Чоп этиш версияси

“Энг ноёб”, “Энг ширин” ва “Энг бозорбоп” номинацияси ғолиблари аниқланди

“Энг ноёб”, “Энг ширин” ва “Энг бозорбоп” номинацияси ғолиблари аниқланди Улар Тошкент давлат аграр университетида ўтказилаётган “Узум-2018” кўрик-танловида аниқланди.

Танлов кўргазма шаклида ташкил этилган бўлиб, юртимиздаги узум етиштириш бўйича энг илғор фермерлар ўзлари яратган ва етиштирган узум навлари билан иштирок этди.

– Ўзбекистон мевалари, айниқса, полиз маҳсулотлари ва узум бутун дунёга машҳур, – дейди USAIDнинг “Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалигида қиймат занжири” лойиҳаси раҳбари Браин Кигер. – Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон мевалари жаҳон бозорларида “Премиум-класс” мевалар сирасига киради ва харидоргир. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ижобий ҳамкорлик алоқалари икки давлат савдо-сотиқ алоқалари учун жуда фойдали.

Кўрик-танлов ғолиблари беш кишидан – улардан иккитаси хорижлик меҳмонлардан иборат ҳайъат аъзолари ва кўргазма меҳмонлари томонидан холис овоз бериш йўли билан аниқланди.

“Энг ширин” номинациясида Паркент туманидаги “Вазира Гулбоғ“ фермер хўжалигида етиштирилган “Қора кишмиш”, “Энг бозорбоп” номинацияси Қувасой туманидаги “Азизбек АХА“ фермер хўжалигида парваришланган “Келин бармоқ” ва “Энг ноёб” номинацияси Булоқбоши туманидаги “Абдурашид Мучурин“ фермер хўжалиги олиб келган “Чарос” навига насиб этди.

Ғолибларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

ЎзА
2 899