Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 10:22 Чоп этиш версияси

Энг намунали комиссиялар аниқланди

Пойтахтимизда илк бор Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида «Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси» республика кўрик-танлови ўтказилди.

– Мазкур кўрик-танлов аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини юксалтириш, инсон соғлиғи, ҳаёти учун хавф туғдирувчи сифатсиз товар ва хизматларнинг ички истеъмол бозорида сотилишининг олдини олиш, ишлаб чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчилар масъулиятини ошириш борасида жамоатчилик назоратини таъминлаш, шунингдек, кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга доир ишларни янада фаоллаштириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев. – Биринчи марта амалга оширилаётган ушбу лойиҳа кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўрик-танловни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказишни режалаштиряпмиз.

Кўрик-танловнинг биринчи ва иккинчи босқичи жорий йил февраль-март ойларида ўтказилган эди. Унда 8 минг 982 маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари иштирок этди.

Иштирокчилар мамлакатимизда қабул қилинган соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори борасидаги билим ва тушунчаларини ўз фаолияти мисолида альбом, саҳна кўриниши ва ижодий топшириқларни бажариш орқали намойиш қилди.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги "Деҳқонобод" маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси биринчи ўринга сазовор бўлди. Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси иккинчи ўринни, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги "Қорёғди" маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси учинчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, «Ҳудудда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини таъминлашда энг фаол комиссия», «Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда энг яхши натижаларга эришган комиссия», «Ҳудудда коммунал хизматлар ҳақининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши ишларида фаол комиссия» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолибларга махсус диплом ҳамда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан комиссиянинг моддий-техник таъминотини яхшилиш мақсадида ажратиладиган пул мукофотларини олиш учун сертификат топширилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 174