ЎзА Ўзбек

06.03.2018 12:04 Чоп этиш версияси

Энг намунали комиссиялар

Андижонда “Фуқаролар йиғинининг Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 16 нафар комиссия раиси баҳслашди.

– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кенг жамоатчилик иштироки ва назорати муҳим ўрин тутади, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Жаҳонгир Мамадалиев. – Бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари, истеъмол маданиятини юксалтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон шаҳридаги “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинининг Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси раиси Араббой Абдуллажонов ғолиб, деб топилди.

Иккинчи ўрин Хўжаобод туманидаги “Бешкарам” маҳалла фуқаролар йиғини комиссияси раиси Муҳайё Ғофуровага, учинчи ўрин Жалақудуқ туманидаги “Ҳамза” маҳалла фуқаролар йиғини комиссияси раиси Иқболжон Турсуновга насиб этди. Шунингдек, танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 225