ЎзА Ўзбек

16.04.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Эндиликда ташкил этиладиган Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг вазифалари нималардан иборат?

Тошкент давлат юридик университетининг Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази негизида бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 25 нафар бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

- қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий концепциялар ишлаб чиқиш;

- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг инновацион услублари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;

- суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш;

- етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

Бу каби чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади.

ЎзА
5 467