Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 18:00 Чоп этиш версияси

Эндиликда Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБда вазият марказлари фаолият кўрсатади. Уларнинг вазифаси нима?

Мамлакатимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Бу Ўзбекистоннинг туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланишини кўрсатади. Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризм эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, туризм мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Хавфсиз туризм» лойиҳаси шулардан бири бўлиб, юртимизга келган сайёҳлар ва меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар учун замонавий шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланди.

Қарорга кўра хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия тузилди. Мазкур комиссия томонидан концепциянинг асосий йўналишларини босқичма-босқич амалга ошириш бўйича «йўл хариталари» тасдиқланди.

2017-2020 йилларда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида туризм хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари фаолияти такомиллаштирилди. Эндиликда Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБда вазият марказлари фаолият кўрсатади. Улар хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни реал вақт режимида потенциал хавфлардан хабардор этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашиш билан шуғулланади.

Ҳозирги кунда Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ички ишлар бошқармаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқармалар ташкил этилди ва мазкур бошқармалар бошлиқлари тайинланди. Улар, ўз навбатида, вилоят ИИБ бошлиқларининг ўринбосари ҳисобланади. Янги ташкил этилган бошқармаларга хорижий тилларни мукаммал биладиган ходимлар ишга қабул қилинган.

Айтиб ўтиш керакки, мамлакатда бўлиб турган даврда сайёҳлар хавфсизлигини, транспортдан фойдаланиш ва кўчишларини таъминлаш бўйича туризм соҳасида хизматлар кўрсатувчи ва етиб келган сайёҳлар ҳисобини юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабздаги транспорт инфратузилмалари ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида плакатлар, белгилар ва кўрсаткичлар ўрнатилмоқда.

Мобиль илова сайёҳларни мамлакатимизда бўлиш қоидалари, виза ва рўйхатга олиш жараёнлари, диққатга сазовор манзиллар ва йўналишлар, шунингдек, яқин ички ишлар органи таянч пунктлари ва тиббиёт муассасалари тўғрисида хабардор қилиб туради. Мазкур мобиль иловада сайёҳ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мушкул вазиятга тушиб қолганлик тўғрисида хабар юбориши ёки ўз мамлакатининг консуллик идорасига мурожаат ёзиши мумкин.

Яшаш жойи хавфсизлигини таъминлаш, меҳмонхонага жойлашиш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳасида ҳар бир меҳмонхонада етиб келган сайёҳларнинг маълумотлар базасини шакллантиришга имкон берувчи «Э-меҳмон» электрон ахборот тизими жорий этилмоқда. Меҳмонхоналарга кириш жойи куну тун видеокузатув остида бўлади.

Бундан ташқари, «Хавфсиз туризм» ягона аппарат-дастурий мажмуаси жорий этилади. Бу видеокузатув, маълумотларни таҳлил қилиш ва автомат равишда қайта ишлаш, ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тизими ҳисобланади.

Туристик диққатга сазовор масканларга ташриф буюрган сайёҳлар ва расмий хорижий делегациялар хавфсизлигини таъминлаш ва кечки кўнгилочар дастурларни ташкил этиш соҳасида сайёҳларни индивидуал ҳимоя қилиш бўйича махсус техник воситаларга бўлган талабларни ишлаб чиқиш ва ўрнатиш ҳам белгиланган.

Қутбиддин Бурҳонов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси бошлиғи –
ички ишлар вазирининг матбуот котиби.

ЎзА
9 802