Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.04.2018 17:50 Чоп этиш версияси

Эндиликда қариндошлари судланган, деб ишга қабул қилмаслик ҳолати тақиқланади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 51 қонунига, 9 кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

– Яқин қариндошлари судланган, деб ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинланмаслик билан боғлиқ номаъқул ёндашув туфайли кўплаб фуқаролар, айниқса, малакали мутахассислар жабр тортиб келар эди, – дейди Адлия вазирлигининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шерзод Рабиев. – Айни шу масала бўйича Адлия вазирлигига фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушарди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш мақсадида вазирлик ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш киритилди. Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда юқоридаги важлар билан ишга қабул қилмаслик тақиқланади. Бу янги норма давлат хизматига садоқатли, ташаббускор кадрларни жалб этишга, меҳнат қилиш ҳамда ишни эркин танлаш ҳуқуқи кафолатлари кучайтирилишига хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, 2015-2016 йиллар ва 2017 йилнинг биринчи чорагида судлар томонидан жами 505 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ушбу қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, жазо тайинлашда ушлаб туриш ва уй қамоғи муддатларини ҳисобга олишни назарда тутувчи мезонлар белгиланди.

Анжуманда Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам сўз борди. Қонунга янги модда сифатида журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари киритилди.

Тадбирда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган янгиликлар бўйича оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш усуллари ҳамда ОАВ вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотни олишга доир сўров шакллари, уни кўриб чиқиш муддатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 769