Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2018 16:41 Чоп этиш версияси

Энди вилоят кутубхоналарига китоблар бепул етказиб берилади

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан мамлакатимиздаги нашриётларда чоп этилган бадиий-илмий, сиёсий-ижтимоий, фалсафий ва оммабоп китоблар, дарсликлар, луғатлар, энциклопедик тўпламлар вилоят ахборот кутубхоналарига бепул етказиб берилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги қарори китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг сара намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказишда муҳим омил бўлмоқда.

Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланган мазкур агентлик бир қатор эзгу ишларни амалга оширилмоқда. Хусусан, агентлик тизимидаги нашриёт ва нашриёт-матбаа ижодий уйларида 2017 йил якуни бўйича жами 516 номдаги 33,2 миллион нусхада китоб маҳсулотлари нашр этилди.

Нашр этилган китобларнинг тарғиботи бўйича “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла” ва ҳудудий телеканаллар билан самарали ҳамкорлик қўйилган. Шунингдек, китобхонлик, китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини ошириш ҳамда янги бадиий адабиётлар муҳокамасига йўналтирилган “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти”, “Радиокитоб”, “Китоб ҳақида”, “Китоб шоу”, “Мени ўзгартирган китоб”, “Ижодий учрашув”, “Мутолаа завқи”, “Китоб ва китобхон” ҳамда
“Янги нашр” телелойиҳалари амалий аҳамият касб этмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги фармонига асосан энди Республика ахборот-кутубхона маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфига ўтказилади. Бу эса тизим фаолиятини ҳар жиҳатдан мукаммал ташкил этишга кенг йўл очади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.
10 598