ЎзА Ўзбек

10.09.2018 10:23 Чоп этиш версияси

Энди тадбиркорларни текширишдан олдин прокуратура билан келишилади

Энди тадбиркорларни текширишдан олдин прокуратура билан келишилади

Текширув бошланишидан олдин тадбиркор текширув мақсади билан таништирилади ва у текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши шарт.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақида вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилмоқда.

Низомга мувофиқ, текширувлар тегишли тартибда амалга оширилади. Бир кунлик текширувлар вилоят прокуратураси билан, бир кундан ортиқ бўлган текширувлар Бош прокуратура билан келишилади.

Текширув ўтказишни келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали бажарилади.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги, хорижий корхоналар, эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ўтказиладиган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида, тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан ёки ижтимоий тармоқ, веб-сайтлардан олинган маълумотлар асосида текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Бундан ташқари, текширув бошланишидан олдин тадбиркор текширув мақсади билан таништирилади ва у текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши шарт.

ЎзА
4 420