ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Энди амалий ҳаракатлар зарур

Энди амалий ҳаракатлар зарур

Она тилим – олтин сандиғим

Тошкентда ўзбек тилини билмайдиган ўзбеклар бор. Кўп ота оналар ўзи рус тилини билмаса-да, фарзандини рус мактабларида ўқитмоқда. Натижада болада иккиланиш пайдо бўляпти. Чунки у ўрганган, кўриб улғаяётган қадриятлари ўзбекона. Лекин онги рус тилида шаклланяпти. Бу ҳолатда у бора-бора ўзбек тилини унутиши ҳеч гап эмас. Агар мана шу оқимни ҳозир тўхтатмасак, 50 йил десак, шошилинч бўлар, лекин 100 йилда рус тилида гапирадиган ўзбек авлоди шаклланиши тайин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш“ демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси раҳбари Алишер Қодиров шундай фикрда.

Тан олиш керак, унинг бу мулоҳазаларини инкор этиб бўлмайди. Бугун она тилимиз билан боғлиқ оғриқли масалалар бор, ҳатто кўп десак ҳам хато бўлмайди. Нима сабабдан бунга йўл қўйдик? Бир инсон ақл-ҳушини таниб, мустақил ҳаёт йўлини топиб улгуришига етгулик 30 йил ўзбек тили нуфузини ошириш, тараққий эттириш учун кам эдими? Биз бу борада қайси муҳим вазифаларни амалга оширмадик ва амалга оширмаяпмиз?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида давлат тилининг ўрни” мавзусида ташкил этилган тадбирда шу каби саволлар атрофида мулоҳаза юритилди.

Чет тилларини ўрганиш фазилат, аммо ўз она тилини писанд этмаслик кечирилмас иллат. Хорижий тиллар илм учун, ривожланиш учун ниҳоятда муҳим, лекин бу ўз она тилини билмаслик эвазига бўлмаслиги керак. Тадбир иштирокчилари ана шу фикрларни алоҳида қайд этди.

Педагогика фанлари доктори, профессор Хадича Муҳиддинованинг айтишича, рус тилида таълим берувчи мактабларда ўқувчиларнинг ўзбек тилини билиш даражаси пастлиги рост. Бироқ бу масалада ўзбек тилидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳам салоҳияти кўнгилдагидай эмас. Энди тасаввур қилинг, ўзбек боласи она тилини билмаса, бошқа миллатга мансуб халқимиз фарзандларининг давлат тилига муносабати қандай бўлиши мумкин?

Олима яна бир муҳим масалага иштирокчиларнинг эътиборини қаратди:

– Ўзбек тили олий таълим босқичларида фақат рус гуруҳлари ва филология факультетларидагина ўқитилади. Натижада таълим жараёнида ўзбек тилини ўқитишда узилиш юзага келган. Аслида она тилини ўқитиш, ўргатиш ва ўрганиш боғчадан тортиб таълимнинг барча жараёнида бирламчи аҳамият касб этиши лозим.

Она тилини билиш даражасига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири имло билан боғлиқ. Мулоқот давомида профессор Зулхумор Холмонова айни шу фикрни билдирди:

– Ҳалигача икки хил – лотин ва кирилл ёзувидан фойдаланамиз. Улардаги имло қоидалари ҳар доим ҳам бир хил эмас. Оқибатда ҳатто матбуот нашрларида ҳам сўзлар ҳар хил, баъзан нотўғри ҳолда ёзиляпти. Бу халқимизни чалкаштириши табиий. Шунинг учун ҳам бу икки ёзувдан бирини танлашни кечиктирмаслик керак. Қолаверса, имло қоидаларини ўзгартириш эмас, янада такомиллаштириш лозим.

Филология фанлари доктори, профессор Абдулхай Собиров таъкидлаганидек, жаҳондаги илғор халқлар ўз тиллари устида жиддий изланишлар олиб бориб, тилшуносликнинг янгидан-янги йўналишларга асос солаётган бир пайтда биз ҳануз она тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида ўйлашга мажбур бўляпмиз. Ҳозир тилшуносликда когнитив лингвистика, эколингвистика, биолингвистика, корпус лингвистикаси, гендер линвистикаси, интернет-лингвистика, нейролингвистика, менталингвистика сингари замонавий йўналишлар пайдо бўлди ва жадал ривожланмоқда. Биз ҳам она тилимизни илмий ўрганишни чуқурлаштириб, уни дастурлаш тилини яратишимиз зарур.

Шу каби танқидлар, таҳлиллардан аёнки, ўзбек тилининг бугунги ҳолати бўйича муаммолар кўп, камчиликлар ҳам аниқ бўй кўрсатиб турибди. Демак, эндиги масала фақат амалий ечим, қатъий ҳаракатга қаратилиши керак.

1 136
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА