Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 18:47 Чоп этиш версияси

Электрон ҳукуматдан аҳоли хабардорми?

Самарқандда “Ягона порталдаги электрон давлат хизматлари ҳақида аҳолини хабардор қилишнинг самарали усуллари” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази томонидан “Info Capital Group” консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган “Самарали давлат бошқаруви учун электрон ҳукумат” лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва бизнес вакиллари учун давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Кейинги йилларда давлат органларининг рухсат бериш, рўйхатга олиш билан боғлиқ ва бошқа кўплаб хизматлари онлайн режимда амалга оширилмоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун катта қулайликлар яратмоқда.

– "Электрон ҳукумат" тизими давлат органлари билан жисмоний ва юридик шахслар ўзаро ҳамкорлигининг замонавий шаклидир, – дейди лойиҳанинг эксперт-консультанти Дилфуза Мирзааҳмедова. – Бугунги кунда дунё миқёсида ушбу тизимга катта қизиқиш билдирилмоқда. Ўтган йил эълон қилинган БМТ ҳисоботида қайд этилишича, электрон ҳукумат тараққиёти индексида Ўзбекистон жаҳондаги 193 давлат орасида 80-ўринни эгаллади. Бу икки йил олдинги кўрсаткичга нисбатан давлатимизнинг 20 поғона юқорига кўтарилганидан далолат беради ва "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самарасидир.

Жорий йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ягона порталнинг янги шакли my2.gov.uz ҳам ишга туширилди. Айни пайтда тест режимида ишлаётган мазкур порталда 300 дан зиёд давлат хизмати бир жойга тўпланган бўлиб, бу ерда фуқаролар ўз фикр-мулоҳазалари, ариза ва мурожаатларини қолдириши мумкин.

Семинар машғулотлари давомида вилоят давлат бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига Ягона портал орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини тарғиб қилишда самарали усуллардан фойдаланиш, замонавий медиаформатларни ишга солиш билан боғлиқ маълумотлар берилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 458






Все о погоде - Pogoda.uz