ЎзА Ўзбек

09.07.2018 14:41 Чоп этиш версияси

Электрон мурожаат – электрон рақамли имзонинг афзаллиги нимада?

Электрон мурожаат – электрон рақамли имзонинг афзаллиги нимада?
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, мурожаатларнинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари мавжуд. 

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. 

Бугунги қонунчилик талабларига кўра, электрон рақамли имзо бўлмаган тақдирда ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиб бўлмайди.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Хусусан, бирор давлат идорасига ариза, мурожаат, таклиф юбориш учун ҳам Сиз шахсингизни тасдиқлайдиган ўзаро ишончли ҳамкорликни таъминлайдиган электрон рақамли имзога эга бўлишингиз керак.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда мурожаатнинг самарали шаклларидан бири сифатида электрон мурожаатларни айтишимиз мумкин. 

Бугунги кунда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларидан фойдаланиш учун электрон мурожаатларни юборишда электрон рақамли имзодан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунга асосан эндиликда, барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакилларига ўзларининг хизматларини ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш масъулияти юклатилди.

Бу, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда уларга электрон шаклдаги мурожаатларни бевосита давлат органи расмий веб-сайтига ёки интерактив давлат хизматлари портали орқали йўллаш имкониятини яратди.

Электрон тартибдаги мурожаатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда масофадан исталган вақтда ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат органининг веб-сайтига мурожаатларни йўллаш мумкин. 

“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, электрон рақамли имзо – электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо, электрон ҳужжат эса электрон шаклда қайд этилган электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот ҳисобланади. 

Шунингдек, юқорида қайд этилганидек электрон рақамли имзо билан юборилган мурожаатлар “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонунининг 7 – моддасига асосан электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади. 

Электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизитлари электрон рақамли имзо ҳисобланади. 

Электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича берилади. Мурожаат қилувчи шахс электрон рақамли имзо калитининг сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишлари мумкин. 

Электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини бериш учун жисмоний шахсларга электрон рақамли имзо бериш учун тўлов энг кам иш-ҳақининг 7 фоизи миқдорида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса энг кам иш-ҳақининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади, қонун ҳужжатларида электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини бепул олиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат хизматлари томонидан расмийлаштирилган электрон рақамли имзо калитлари давлат ва банк хизматларининг барча турларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Электрон рақамли имзо калитининг сертификатини олиш учун тўловларни тижорат банклари орқали ёки Сlick, UPAY ва МBANK тўлов тизимлари орқали онлайн амалга ошириш мумкин.

Электрон рақамли имзо калитининг сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига электрон рақамли имзо калити ёзиб қўйиш
ва сақлаш учун USB қурилма ёки СD-диск (Сompakt-disk) олиб боришлари керак бўлади.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, USB қурилмалари ёки СD-диск (Сompakt-disk)ларга ёзиб олинган электрон рақамли имзо калитларини компьютерга улаган ҳолда фойдаланишда ташқи омиллардан (вирус) лардан ҳимоялаган ҳолда ишлатилиши керак. 
Акс ҳолда электрон рақамли имзо калити вирус юқиши оқибатида зарарланиши ҳамда ёроқсиз аҳволга келиши мумкин. 

Сақлаш учун ўзга маълумотлар манбаига (flesh карта ёки Сompakt-disk) ёзиб олинган электрон рақамли имзо калитининг сертификати йўқолган(беҳосдан ўчириб юборилганда) да ёки вируслар орқали зарар етказилиши оқибатида ёроқсиз аҳволга келган тақдирда, Давлат хизматлари марказига электрон рақамли имзо калити сертификатининг дубликатини бериш тўғрисида мурожаат қилиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаб эслатиб ўтиш лозим, ҳар бир жисмоний ёки юридик шахс ўзининг шахсий электрон рақамли имзосини ўзгаларга ишониб топширмаслиги керак.
Акс ҳолда электрон рақамли имзо орқали Сизнинг номингиздан турли “ноқонуний” ишларни амалга ошириши мумкин.

Буни асло унтуманг: Ўзбекистон Республикаси “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунида электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзо қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эга эканлиги белгиланган.


А.Оразимбетов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги 
Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси 
Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи

ЎзА
7 815