Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 11:11 Чоп этиш версияси

Экспедиция: ёшлар уч кун Оролбўйида яшайди

17-20 сентябрь кунлари ёш олим, гид-экскурсовод, фотосуратчи, блогер ва журналистлар Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорликда ёшлар илмий экспедицияси ўтказилади. Экспедициянинг 25 аъзоси уч кеча-кундуз давомида Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишади.

Экспедиция давомида иштирокчилар ёш олимлар (эколог, шифокор, геолог, биолог), гид-экскурсоводлар, ёш журналист ва блогерлар гуруҳларига бўлинган ҳолда тегишли вазифаларни амалга оширадилар. Якунда ҳар бир гуруҳ томонидан келгусида ҳудуд ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳа ёки маҳсулот тақдим этилади. Ҳар бир гуруҳга тажрибали эксперт ҳамроҳлик қилади.

Лойиҳа Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий-тадқиқот олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган. Шунингдек, экспедиция орқали ҳудудга туристлар оқими, айниқса, ёшлар ва экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш, ушбу ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш ва амалга ошириш сингари тадбирлар белгиланган.

Тошкент шаҳрида экспедиция натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
3 279






Все о погоде - Pogoda.uz