Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Экологик барқарорлик ва таълим

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ф.Холбоев ва бошқалар мамлакатимизда биохилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишлар экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим асос бўлмоқда.

Мамлакатимизда қўриқхоналар, биосфера резервати, табиат ёдгорликлари, миллий боғлар, питомниклар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудларни қамраб олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими яратилган. Табиатдан оқилона фойдаланиш борасида ўзига хос экологик лойиҳалар амалга оширилаётир.

Экологик мувозанатни таъминлашда амалий ишлар билан бир қаторда илм-фан фаолиятини такомиллаштириш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультети ана шундай етакчи таълим масканларидан биридир.

Ўз ечимини кутаётган долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда юқори малакали мутахассисларга бўлган талаб эътиборга олиниб, 2015 йилда факультетда экология ва эволюцион биология кафедраси ташкил этилди. Бакалаврлар учун экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналиши очилди. Келгусида магистратурада ҳам экология мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилган.

Семинарда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон "Қизил китоби"нинг биологик ресурсларни муҳофазалашдаги аҳамияти, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асрашда миллий боғларнинг ўрнига оид маърузалар тингланди. Талабаларнинг саволларига олимлар ва мутахассислар жавоб қайтарди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
3 610






Все о погоде - Pogoda.uz