Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 12:37 Чоп этиш версияси

Экологик акция доирасида янги боғ яратилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Хумсон” қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва табиатни муҳофаза қилишга бағишланган экологик акция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати, “Medical-Express” журнали ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган акцияда Экоҳаракат ва унинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, шифокорлар, фермерлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Акцияда экологик муаммоларнинг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг янада самарали чораларини ишлаб чиқиш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, кам чиқитли технологияларни жорий этиш каби мавзуларда суҳбатлар бўлиб ўтди, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитасининг ҳудудий бўлимлар ва фаоллар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Ш.Азизов. – Аграр соҳа мутахассисларининг боғдорчиликни ривожлантириш, хусусан, интенсив боғларни томчилатиб суғориш, парваришлаш, бу борада ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақидаги маърузалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Акция доирасида “Акмал – Наргис – Аббос” фермер хўжалигининг ер майдонига 150 дан ортиқ туп турли мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ярим гектарлик янги боғ барпо этилди.

– Бундай акцияларда доим фаол қатнашишга ҳаракат қиламиз. Бугун 5 гектарга яқин мевали боғимиз майдони янада кенгайганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди хўжалик раҳбари Й.Мирзаҳмедов. – Халқимизда ҳашар йўли билан қилинган ишда барака, унум бўлади, деган гап бор. Эрта-индин гул кўрсатиш арафасида турган куртакларга қараб, бу йил ҳам экологик тоза, қуёш нурига тўйинган, харидоргир ҳосил йиғишимизга ишонаман.

Икром Аввалбоев, ЎзА
970






Все о погоде - Pogoda.uz