ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

ЕХҲТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналар раҳбарлари Ўзбекистонда

ЕХҲТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналар раҳбарлари Ўзбекистонда

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) иштирокчи мамлакатларининг Вена шаҳридаги доимий вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга келди.

Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 10 октябрь куни делегация вакиллари билан учрашув бўлди.

Мулоқотда мамлакатимизнинг ЕХҲТ билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатидаги кенг кўламли ўзгаришлар элчилар томонидан юқори баҳоланди.

ЕХҲТ ҳузуридаги доимий вакиллар минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланишига, давлатлараро ишонч сезиларли даражада ошишига, анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик мустаҳкамланишига олиб келган мамлакатимизнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Делегация аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашди. Унда меҳмонларга парламент юқори палатасининг фаолияти бўйича маълумот берилди.

Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлиги фаоллашгани, парламент аъзоларининг ЕХҲТ Парламент ассамблеяси фаолиятида, унинг ҳар йилги сессияларида фаол иштироки бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг очиқлиги, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа йўл қўймаслик бўйича кўрилаётган чоралар муҳимлиги таъкидланди.

Жорий йил 22 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловни кузатишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ миссияси иштирок этиши кутилмоқда. Шу муносабат билан ЕХҲТ ваколатхоналари раҳбарлари Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов билан ҳам учрашди.

Мулоқотда делегацияга мамлакатимизда парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Ушбу муҳим жараён – "Янги Ўзбекистон: янги сайловлар" шиори остида ўтказилади. Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсатда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Мазкур кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

Янгиликлардан яна бири, бу йил сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилган. Сайловда 20 миллион 600 минг нафар фуқаро овоз бериши кутилмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан овозларни қайта санаб чиқиш, сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ва сайлов натижаларини эълон қилиш бўйича низом лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

– Мамлакатингизда кўплаб соҳалар қатори демократик сайловлар йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз, – деди ЕХҲТнинг Словакия бўйича вакили Катерина Жакова. – Биз Марказий сайлов комиссияси билан сайловлар соҳасида ҳамкорлик қилишга, бу борада ўз тавсияларимизни беришга тайёрмиз.

Дипломатлар ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мамлакатимизда ОАВ эркинлигини таъминлашнинг долзарб масалалари ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбатида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрида ҳам бўлади.

5.JPG

17.JPG

19.JPG

11.JPG

2 760
Абдулазиз МУСАЕВ, Малоҳат ҲУСАНОВА, Темур МАМАДАМИНОВ, ЎзА