ЎзА Ўзбек

10.08.2018 18:29 Чоп этиш версияси

Эгасини тополмай сарсон бўлган тўловлар, қаердасиз?

Эгасини тополмай сарсон бўлган тўловлар, қаердасиз?
Орамизда коммунал тўловларни тўлаш бўйича бир неча йил илгарилаб кетган истеъмолчилар ҳам бор...

Бугунги кунда халқимизнинг аксарият қисми интизомли равишда истеъмол қилинган электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида тўлаб бормоқда.Орамизда ҳаттоки, ушбу тўловлар бўйича бир неча йил илгарилаб кетган истеъмолчилар ҳам йўқ эмас. Аҳоли мазкур тўловларни банк муассасалари, почта алоқа бўлимлари, шунингдек, юқоридаги идоралар қошида ташкил қилинган махсус кассалар воситасида амалга ошириб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни 8-моддасида “Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар“, деб белгилаб қўйилган. Демак, истеъмолчи истеъмол қилинган электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловни амалга ошириши билан у ўз зиммасидаги мажбуриятини адо этмоқда. Қонуний тўлов амалга оширилган кун, соат, дақиқадан бошлаб истеъмолчи кўнглини тўқ қилса бўладигандек, гўё. Лекин тўловни қабул қилиб олган муассаса ишни охирига етказмаган бўлса-чи?!

Олтиариқ тумани "Қизилтепа" маҳалласида яшовчи З.Тўхлиева ҳам пенсиясини олиш жараёнида коммунал тўловлар учун маълум миқдорда пул маблағини тўлагач, кўнгли тўқ юраверган. Бироқ орадан маълум вақт ўтиб, негадир электр энергиядан қарздорлик юзага чиққан. У ҳолатга ўз кучи билан аниқлик кирита олмагач, ёрдам сўраб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилади. Мурожаат тегишлилиги бўйича Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида қизиқ ҳолатга дуч келинди. Қарангки, истеъмолчининг истеъмол қилинган электр энергияси учун ўз пенсиясидан “Ўзбекистон почтаси“ Олтиариқ тумани Қизилтепа бўлими орқали 12.02.2014 санасида тўлаган 10000 (ўн минг) сўм, 12.12.2015 йил кунида тўлаган 30000 (ўттиз минг) сўм, 10.03.2017 йил кунида тўлаган 47750 (қирқ етти минг етти юз эллик) сўм, жами 87750 (саксон етти минг етти эллик) сўм тўловлари фуқаронинг тўлов дафтарчасига юқоридаги идоранинг муҳри билан қайд этилган бўлса-да, негадир унинг электр таъминоти идорасидаги шахсий ҳисоб-рақамига шу кунга қадар келиб тушмаган. 

Маълумки, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ишлари қонун билан чегаралаб берилган муддатларда ўз ниҳоясига етказилиши шарт. Шундан келиб чиқиб, туман жамияти томонидан ушбу ҳолат юзасидан қисқа муддатларда амалий чора-тадбирлар кўрилиши сўралиб Олтиариқ туман почта алоқа бўлимига 31.07.2018 йил кунида юборилган сўров хатига ҳам шу кунга қадар жавоб қайтарилгани йўқ. 

Туман жамияти томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаш, аниқланган ҳолатни қонуний кўриб чиқиш ва мурожаат муаллифига жавоб қайтарилиши сўралиб ташкилотнинг юқори турувчи идораси – “Ўзбекистон почтаси“ АЖнинг Фарғона филиалига маълумотлар киритилди.

P.S. Фуқаронинг мурожаатини ўрганиш жараёнида унинг томонидан АТ Халқ банкининг туман электр таъминоти корхонаси қошида ташкил қилинган шохобчаси орқали 31.07.2012 йилда электр энергияси учун тўлаган 15000 (ўн беш минг) сўм тўлови ҳам туман ЭТ корхонасининг умумий қозонига тушиб, қайнаш жараёнида бошқа фуқаронинг шахсий ҳисоб-рақами томонидан “истеъмол қилиб юборилганлиги“га гувоҳ бўлиб қолдик. Ҳар тугул, бу ҳолат тездагина бартараф этилиб, истеъмолчининг ҳуқуқи тикланди.



ЎзА
6 983