Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 08:33 Чоп этиш версияси

Эдуард Сагалаев: “Ўзбекистон – гуллаб-яшнаётган, бахтиёр ва жуда ёрқин мамлакат”

Эдуард Сагалаев: “Ўзбекистон – гуллаб-яшнаётган, бахтиёр ва жуда ёрқин мамлакат”
Дунё аҳли Ўзбекистон ҳақида

Россия миллий телерадиоэшиттиришлар уюшмаси президенти, Телеэшиттиришлар, электрон оммавий ахборот воситалари ва интернет технологияларини ривожлантириш жамғармаси раҳбари, Россия телевидениеси академияси аъзоси, таниқли тележурналист Эдуард Михайлович Сагалаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг қатор саволларига жавоб берди.

– Ҳурматли Эдуард Михайлович. Кичик Ватанингиз Самарқанд, Ўзбекистон замини ва халқи сизни яхши эслайди ва сиз билан фахрланади. Айтингчи, Ўзбекистон деганда кўз олдингизда нималар гавдаланади?


– Мени унутмаганингиз учун миннатдорман. Ўзбекистон мен учун ғоят катта аҳамиятга эга. Энг аввало, Самарқанд, болалигим ва ўсмирлигим ўтган жойлар, машҳур ёдгорликлар – Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва Регистон майдони кўз олдимда гавдаланади.

Мен Самарқанддаги ўрта мактабда, Самарқанд давлат университетида таҳсил олганман, вилоят радиосида сухандон бўлиб ишлаганман. Рус, ўзбек ва тожик тилларида янграган “Самарқанддан гапирамиз, сўнгги янгиликларни тингланг” сўзлари хотирамда абадий муҳрланиб қолган.

Тақдирим, қарашларим, ҳаётга ва дўстлар танлашга бўлган муносабатимнинг шаклланишида ўзбек, рус, немис, тожик, арман, поляк ва бошқа кўплаб миллатлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда истиқомат қиладиган кўп миллатли Самарқанд ҳаёти, одатда шаҳарга хос бўлган турли тилларда сўзлашиш бениҳоя катта из қолдирган. Мен дунёда дўстликдан қимматли ҳеч нарса йўқлигини тушуниб етганман. Самарқанднинг ўша пайтдаги раҳбарининг ўғли, мен билан бир ҳовлида ўсган ва бир дастурхон атрофида ўтирган дўстим Тоҳир Жулматов билан ҳалигача мулоқот қилиб тураман. Болалигимизда еган сомса, бўғирсоқ ва пирожкаларнинг иси ҳанузгача димоғимда. Буларнинг барчаси менда ўзим туғилган юрт ва атрофимдаги инсонларга бўлган муҳаббатни шакллантирган. Мен ўша пайтларда ҳатто муносиб турмуш шароитлари бўлмаган қишлоқларда ҳам баджаҳл одамни кўрмаганман, бу менинг омадим бўлса керак. Эзгулик, сахийлик, меҳмондўстлик ва самимийлик ўзбек халқига хос фазилатлардандир. Ўзбекистондек беназир юртда туғилиб, ажойиб инсонлар орасида вояга етганим учун тақдирдан миннатдорман.

– Хабарингиз бор, бугунги кунда Ўзбекистон ривожланиш босқичининг муҳим даврини бошдан кечирмоқда. Мамлакат шиддат билан ўзгармоқда. Келажакда эса, белгиланган ва ҳозирда амалга оширилаётган режалар самарасида умид қиламизки, бизни янги истиқболлар кутмоқда. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Мен Ўзбекистоннинг ривожланишини диққат билан кузатаман, Тошкент, Самарқанд ва Жиззахга тез-тез бориб тураман. У ерда юз бераётган барча ўзгаришлар менда чексиз фахр туйғусини уйғотади. Қадрдон Самарқандимнинг ўзида кўплаб коллежларнинг барпо этилгани мамлакатда ёшларга юксак эътибор кўрсатилаётганидан далолатдир. Янгидан-янги кенг кўчалар, маҳобатли бинолар қад ростлаган. Баъзан ўзим билган жойларни танимай, бироз хафа ҳам бўламан, лекин мамлакат шу йўсинда тараққий этиб, олға илдамлаб бораётгани менда ғурур туйғусини уйғотади. Бугунги кунда Самарқандда сайёҳлик жуда ривожланган. Бу ерда япон, хитой, француз, немис миллати вакилларини учратиш мумкин.

Мен Ислом Абдуғаниевич Каримовни шукроналик билан эсга оламан. Биз у киши билан ҳар учрашувда узоқ суҳбатлашардик. Ислом Каримовни зукко, узоқни кўрадиган, мамлакатни оқилона бошқарган ва халқнинг юксак ҳурматига сазовор бўлган инсон деб биламан. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Биринчи Президент Ислом Каримовнинг сиёсатини давом эттирган ҳолда, кўп жиҳатдан ўз йўлидан бормоқда.

Конвертациянинг очилиши бу борадаги дадил қадамлардан бири бўлди. Бу Ўзбекистонга янада жадал ривожланиш, инвестицияларни жалб этиш, эркин бозор яратиш имконини беради. Шавкат Миромоновичнинг чақириғи билан турли сабабларга кўра мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган айрим фуқаролар Ўзбекистонга қайтди. Ўзбекистон Президенти юртни оқилона идора этмоқда, мухолифлардан қўрқмаган ҳолда юзага келаётган барча масалаларни дадил ҳал қилмоқда. Фақат кучли раҳбаргина шундай йўл тута олишга қодир. У киши Президентлик лавозимига келиши билан Ўзбекистон тараққиёт йўлидаги шахдам қадамларни ташлай бошлади.

Москвада биз каби Ўзбекистондан келганлар оз эмас. Театр, турли кўргазмаларда иштирок этганимизда учрашиб қолсак, албатта, «Қандай янгиликлар» дея сўраймиз. Ўзбекистондан келган хушхабарлардан қувонамиз. Бундай қувончли хабарлар кейинги вақтда жуда кўпайди. Ҳар куни қандайдир янгилик юз бермоқда. Улар оддий эмас ва кенг доираларда эътироф этилмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Президентининг БМТда, Остонадаги Бутунжаҳон кўргазмасидаги нутқлари, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига ташрифлари. Ҳар куни – янги қарор, янги фармон ва янги лойиҳа. Бир қарасанг, инвестициялар бўйича янги вазирлик ташкил этилади, яна бир оздан сўнг мактабгача таълим вазирлиги очилади. Айниқса, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, хусусан, пенсионерлар, талабалар ва давлат хизматчиларининг иш ҳақи миқдорини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мамнуният бағишлайди. Президент илгари сураётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳамма томонда олқишланмоқда. Бу ажойиб шиор, лўнда ва адолатли. Қани бирор-бир бюрократ ёки мансабдор шахс бунинг аксини қилиб кўрсин-чи.

Ўзбекистон Президентининг куч-ғайрати, қатъияти ва бир сўзлилигига тан бермай илож йўқ. Унинг ташқи сиёсий фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Маълумки, Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича ташқи ишлар вазирларининг май ойида бўлиб ўтадиган учрашувига ҳозирданоқ тайёргарлик ишлари бошланган. Бу ўн йиллардан буён ҳал этилмаётган, ўта жиддий ва нозик масаладир. Биз ушбу масала бўйича силжиш Тошкент шаҳрида юз беради, деб умид қиламиз.

Айни пайтда Тошкентнинг марказида 45-50 қаватли биноларга эга бўладиган “Тошкент-сити” халқаро бизнес-марказининг қурилиш ишлари бошлаб юбрилган. Мен Тошкент, Самарқанд шаҳарларини пастқам уйли пайтларини эслайман. Яқин келажакда Ўзбекистон пойтахти дунёнинг энг замонавий шаҳарларидан бирига айланишига ишонаман.

Энг асосийси, буларнинг барчаси – оддий меҳнаткаш инсонлар манфаати йўлида амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу, албатта, кишини қувонтиради.

– Ўзбекистон – бой мамлакат. Бу ерда пахта экилади, газ, олтин ва бошқа кўплаб металлар қазиб олинади. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва аҳамияти қай даражада, деб ўйлайсиз?

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва аҳамиятини баҳолаш бироз мураккаб. Сиз тўғри айтингиз, Ўзбекистон бой, жадал ривожланаётган ва мустақил сиёсатга эга мамлакат, айнан шу жиҳатлари билан у мени ўзига жалб қилади. Маълум қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон кўп давлатлар билан дўстона алоқалар юритади. Туркия билан алоқалар тикланганидан ҳам жуда хурсандман.

Хитойдек кучли давлат ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди, юртингиз ҳам улар билан худди шундай муносабатда эканлиги қувонарли ҳол.

– Замонавий Ўзбекистонга бўлган муносабатингиз ва унинг келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?

– Мен Ўзбекистонни гўзал ва бахтли келажак кутаётганлигига қатъий ишонаман. Унинг кўп асрли тарихи бунга асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбек халқи ҳамиша ўз мустақиллиги учун курашган ва айни пайтда бағрикенгликни сақлаб келган, доимо шундай бўлиб қолишига ишонаман.

Бугунги кунда Ўзбекистон тараққиёт ва ўзгаришлар жараёнида ўзи танлаган йўлидан дадил бормоқда. Мамлакат ҳали ривожланишда давом этади. Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари Россия ва бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда, бу унинг янада тараққий этишида туртки ва замонавий дунё ҳақидаги тасаввурни бойитишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу мамлакат учун ҳам, унинг халқи учун ҳам бирдек фойдалидир. Босиб ўтилган синов йўллари туфайли Ўзбекистоннинг маънавий кучи ва иқтисодий қуввати мустаҳкамланмоқда. Келажакда Ўзбекистон гуллаб-яшнаган, бахтиёр ва ўта ёрқин мамлакат бўлади.

– Ўзбекистонни Россия билан кўп ришталар боғлайди. Бугунги кундаги Ўзбекистон – Россия муносабатларини қандай баҳолайсиз?

– Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Россияни азалий дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, ривожланиб бормоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи Ислом Каримов юритган сиёсатдаги изчилликни кўрсатди, икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланишида муҳим қадам бўлди.

Москва шаҳрида яшаб туриб, Ўзбекистон Президентининг Россия билан муносабатлари бўйича юритаётган сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликдан қувонаман. Келажакда ҳам Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб, ривожланиб боришига, ҳар икки мамлакат халқларини қувонтиришига ишонаман.

– Маълумки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган. Сизнингча, мамлакатнинг геосиёсий жойлашуви унинг зиммасига маълум мажбуриятлар юклайдими?

– Албатта, бу борада жиддий мажбуриятлар юклайди. Афғонистон билан қўшничилигини мисол қилиб олайлик. Бу каби геосиёсий, геостратегик ҳолат Ўзбекистонни ҳар қандай вазият, жумладан, провокация ҳолатларига ҳам шай туришга ундайди. Бошқача айтганда, ҳар хил нохушликлар ва кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш керак. Яна бир жиҳати, бу бир пайтнинг ўзида тинчликсеварлик ва очиқлик сиёсатига таяниш демакдир, бунда маълум қобилият, мулоқотга тайёрлик, кучли армияга эга бўлиш зарурдир.

Тангрининг ўзи ўзбек халқига бетакрор географик жойлашув, турфа табиат ва маданият, барча табиий бойликларни инъом этган. Ўзбекистон раҳбарияти оқилона сиёсат юритаётгани, мамлакат чегаралари ва ичкарисида юз бераётган воқеалар учун дунё аҳли олдидаги масъулиятини ҳис қилаётганини кўриб турибман.

– Ҳурматли Эдуард Михайлович, Сиз фан доктори, назариётчи ва йирик амалиётчисиз. Айтингчи, сизнингча, Ўзбекистон ОАВ соҳасида ҳали фойдаланилмаган қандай захиралар мавжуд?

– Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, хусусан, электрон оммавий ахборот воситалари, телевидение ҳақида ижобий фикрдаман. Россия миллий телерадиоэшиттиришлар уюшмаси президенти сифатида, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов билан тез-тез мулоқот қилиб тураман. Уни кўп йиллардан буён, Самарқанддаги хусусий телевидениеда фаолият бошлагандан буён танийман. Таъкидлаш жоизки, бу соҳа юртингизда жуда яхши ривожланган. Афсуски, Россияда баъзан хусусий телевиданиега босим ўтказилмоқда, айрим ҳудудий телеканаллар ёпилмоқда. Ўзбекистонда ҳам давлат, ҳам хусусий телевидение жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Масалан, яқинда рақамли иқтисодиёт ва телевидениени янада ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган конгрессда Ўзбекистонда телевидениенинг ривожланиш суръатлари тўғрисидаги маълумотлар иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Келажакда мустақил Ўзбекистон телевидениесига янги аудиториялар ва маконларни забт этишда ўзи танлаган йўлидан дадил боришини тилайман. Ўзбекистон миллий телерадиоэшиттиришлар соҳасида янги телеканаллар, жумладан, Россия трансляция қиладиган каналларни очишни режалаштираётганидан хабарим бор. Бу борада мен соҳа вакилларига омад тилайман.

– Эдуард Михайлович, биз сизни ОРТнинг юксак даражали профессионал раҳбарларидан бири, Марказий телевидениедаги ёшлар дастурлари, машҳур “Взгляд”, “11-ий этаж” кўрсатувлари, «Время» ахборот дастурининг бош муҳаррири, бошқа кўплаб ёшлар ва катталар учун мўлжалланган дастурлар яратувчиси сифатида таниймиз... Шундан келиб чиққан ҳолда, мавзудан бироз йироқ, бироқ долзарб саволга жавоб берсангиз... Телевидение сизнингча, оммавий ахборот воситаси, жамиятни бошқариш воситаларидан бири, санъат турими ёки бизнес?

– Бугун телевидение кўз ўнгимизда ўзгараётганига гувоҳ бўляпмиз. Афсуски, Россияда бу ўзгариш ижобий томонга юз бермаяпти. Сўнгги 20-25 йил ичида санъат саналган телевидение тобора маблағга қарам бўлиб бормоқда. Ҳозирги кунда телевидение санъат бўлмай қолди ва бу масалада ҳеч ким баҳслашишга қодир эмас. Замонавий телевидение фаолиятини рекламасиз тасаввур қилиш қийин. Айни пайтда Владимир Жириновский дори воситалари рекламасини тақиқлашга ҳаракат қилмоқда, лекин бу қийин масала. Давлат Думаси депутатлари нима дейишмасин, рекламани тақиқлашга даъват этишмасин, биламизки, реклама савдони ҳаракатлантирувчи куч бўлиш билан бирга, телевидениенинг даромад манбаи ҳамдир. Мамлакат бўйлаб ва хорижда сигналларни узатиш, теледастурлар, кинофильмлар ишлаб чиқариш учун эса маблағ талаб этилади.

Бошқа томондан рекламадан келаётган даромад телевидениени анча ўзгартирди. Илгари телевидение фақат давлат маблағи асосида тузилиб, ривожланган бўлса, бугунги кунда давлат Умумроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК) компанияси, қисман Биринчи канал, “Культура” сингари телеканаллар, Россия Жамоат телевидениесини молиялаштирмоқда, бироқ бу маблағлар телевидениенинг фаолият юритиши, томошабинлар манфаатига жавоб бериши учун етарли эмас. Мен телевидениени жуда яхши кўраман, унга кўп куч-ғайратимни сарфлаганман, шу боис, фақат ижобий жиҳатига эътибор қаратишга ҳаракат қиламан, “Голос”, “Лучше всех” кўрсатувлари шулар жумласидандир.

Бугунги кунда Россияда рус тилидаги кабель ва сунъий йўлдош телеканалларининг ўзи қарийб уч юзга яқинни ташкил қилади. Бу технологияларнинг ривожланиши, телевидениенинг ахборотлашуви самарасидир. Экранларда томошабин учун исталган нарса намойиш этилмоқда. Асосийси, телевидениеда ҳам катталар, ҳам болалар учун танлаш имконияти мавжуд. Мен бу хилма-хилликни жуда қадрлайман. Юксак дид соҳиблари ёвуз кучлар ва салбий ғоялар таъсирига тушиб қолмайди.

– Россия миллий телерадиоэшиттиришлар уюшмаси президенти, Телеэшиттиришлар, электрон оммавий ахборот воситалари ва интернет технологияларини ривожлантириш жамғармаси раҳбари сифатидаги фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, албатта. Қисқача айтадиган бўлсак, биз замонавий телевидение ва радио технологияларини ривожлантириш билан шуғулланамиз. Бу телерадио узатиш соҳасини рақамлаштириш билан боғлиқ бўлган муҳим вазифадир. Бу жараён кўп йиллардан буён давом этмоқда ва шу йили телевидениени рақамлаштириш ишлари якунланади. Бу борада улкан ишлар амалга оширилди, мамлакат бўйлаб бир неча минг узатгичлар ўрнатилди. Энди бутун Россия 20 дан ортиқ канални янги рақамли форматда томоша қилиши мумкин. Шу пайтгача, фақат учта канали бор туманлар ва уч юз канални томоша қилган шаҳарлар бўлган. Шу боис, бу борадаги тенгсизликка барҳам берилади. Сунъий йўлдош телевидениеси анча ривожланди ва ўз кўрсатувларини дунёнинг деярли барча бурчагига етказиб бермоқда.

Уюшма ва жамғармамиз рақамлаштириш жараёнида фаол иштирок этди, энди биз кейинги – рақамли иқтисодиёт ва телевидениенинг мамлакат ҳаётидаги иштирокини ривожлантириш босқичига ўтмоқдамиз. Ҳал қилинмаган бир неча муаммолар ҳам бор. Бу, аввало, ҳозирча фақат кабель орқали ривожланаётган ҳудудий телевидениега тааллуқлидир. Биз ҳудудий телевидениени сақлаб қолишни жуда хоҳлаймиз, зеро бу инсон маънавиятини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Бир неча йилдан буён фаолият юритаётган МАП академиясида ўқув курслари ташкил қилдик. Унда ҳудудий ва федерал миқёсдаги олий тоифали журналистлар ва менежерлар ўқитилади, контентни яратиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилади, турли семинарлар, болалар телевидениеси учун фестиваллар, кабель ва сунъий йўлдош телевидениеси ўртасида танловлар ўтказилади.

– Эдуард Михайлович, Станислав Гроф ким? Интервьюларингизнинг бирида Сиз ўлган онангиз билан сўзлашганингиз ҳақида айтиб ўтгансиз. Ҳиндистонда Жидда Кришнамуртининг издоши Раджиш Далал билан учрашгансиз. Ислом таълимоти, айниқса, сўфийлик, индуизм, буддизмга қизиқишингиз катта. Интернет саҳифангизда Сизнинг ўзликни англаш билан чуқур шуғулланишингиз тўғрисида ёзилганди. Шу ҳақида батафсиз маълумот берсангиз.

– Бу алоҳида мавзу бўладиган суҳбатдир. Мен “Эдуард Михайлович билан мистик саёҳат” номли фильмлар тўпламини суратга олганман.

Станислав Гроф – бугунги кунда бир пайтлар машҳур бўлган Зигмунд Фрейд сингари таниқли олим. Келиб чиқиши асли Прагалик бўлган, талабалик пайтида АҚШга кўчиб кетган ва ҳануз шу мамлакатда яшаб, фаолият юритади. Гроф – замонамизнинг кучли руҳшуноси, инсоннинг олдинги ҳаёти, туғилиш жараёни ва санаси, жамоавий онгсизлик ҳолатини ҳисобга олувчи трансперсонал психология асосчиси ҳисобланади.

Раджиш Далал билан бўлган учрашув ҳам менда улкан таассурот қолдирган. Мен руҳнинг танани тарк этишини бошдан кечириб, клиник ўлим ҳолатини ўзимда синаб кўрганман. Бу ўлим эмас, мен фақат руҳнинг танадан ажралиб, мустақил равишда коинотда сайр қилиш ҳолатини ҳис этганман. У ерда онамни кўрганман, онам менга қўрқмаслигимни, ҳаммаси жойида эканлигини айтган, бу ҳолатни ифодалашга тил ожиз.

Тақдир мени учраштирган барча инсонлардан миннатдорман. Мен ўзим, ҳаётим, Худо, Уни севиш, англаш ва ҳарчанд мукаммал бўлмасин, Унга етишиш ҳақида кўп нарса ўргандим.

Ўсмирлигимда Самарқанд кўчаларида дарвешларни учратганман ва уларнинг аслида ким экани билан қизиққанман. Кейинчалик ушбу таълимот билан жиддий шуғулландим, алалхусус, бунинг ақл ва мистик тажрибанинг улкан хазинаси эканини англаб етдим. Сўфийлик ва ислом Яратганнинг иродаси туфайлигина мавжуд. Сўфийлар рақси, шеърияти, мусиқаси ҳайратга солади ва албатта ҳаммасидан ҳам кўпроқ мен ҳаёт фалсафаси ва Худога, инсонларга муносабатга кўпроқ қизиқаман. Булар ҳаётда қандай яшаш кераклигига ёрқин мисолдир.

Шунингдек, православ таълимотига ҳам қизиқишим катта. Суратга олган фильмларимдан бири – Оптина саҳроси ҳақида бўлиб, кекса православлар – авлиёлар ҳаётига бағишланади. Барча динларга юксак ҳурмат назари билан қарайман, уларда ҳаётбахш куч борлигига амин бўламан.

– Суҳбатимиз сўнгида, Эдуард Михайлович, юксак назарий билимлар ва амалий тажриба соҳиби сифатида ҳаётда Сиз учун нима муҳим, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзимга-ўзим “Биз киммиз, қаердан келганмиз ва қаерга йўл олмоқдамиз?”, – деган мутлақо фалсафий саволни бераман. Менинг ёшимда фақат Худога оид саволларгина жавобсиз қолган. Қолган барча саволларга жавобим бор. У саволлар ер юзидаги одамлар ўзига берадиган абадий саволлардек қизиқарли деб ўйламайман.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА
15 090