Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.08.2017 18:18 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд оилаларга байрам туҳфаси

Эҳтиёжманд оилаларга байрам туҳфаси Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида 54 оилага мўлжалланган уй-жой фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг ўй-фикрлари, орзу-умидлари, қувончу ташвишларидан хабардор бўлиш, ҳаётий талаб ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши экани алоҳида таъкидланди.

Фарғона шаҳрида ҳам эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Мазкур ҳужжат ижроси доирасида 5 та 7 қаватли 210 хонадонли замонавий арзон уйлар қурилмоқда, – дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова. – Уйлар жорий йил охирига қадар фойдаланишга топширилади. Шунингдек, шаҳримизда бўш турган бинолар қайта таъмирланиб, уй-жойга муҳтож оилаларга берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бўш турган 2 бино таъмирдан чиқарилиб, 108 оилага берилди.

Фарғоналик Зуҳра Султонованинг бугун қувончи ичига сиғмайди. Унинг неча йиллик орзуси рўёбга чиқди, икки хонали уй соҳиби бўлди. Опа қизи ва невараси билан 17 йил ижарада яшаб келди.

– Ўз уйим бўлишини қанчалар истаганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз, – дейди Зуҳра опа. – Ижарада туриш машаққати ва уйсизлик нималигини бошидан кечирган кишилар мени яхши тушунади. Худога шукр, орзуим ушалди. Давлатимизнинг ўз фуқароларига ғамхўрлигини қарангки, бугун ўз уйимга эга бўлиб турибман. Биздек уйга муҳтож оилалар оғирини енгил қилаётган Президентимизга раҳмат. Бу уй энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамига энг катта совға бўлди.

Буфотима Домуллажонова икки фарзанди, келини ва неваралари билан ижарада яшаб келган. Унинг мурожаати қондирилиб, янги хонадон калити топширилди.

– Бу гапга тўғриси, аввалига унчалик ишонмадим, туш бўлса керак, деб ўйладим, – дейди Б.Домуллажонова. – Очиғи, умидимни йўқотмай, яхши кунларни кутдим, лекин бундай туҳфани хаёлимга ҳам келтирмагандим. Чунки, илгари бунақаси ҳеч бўлмаган-да, эшитмаганмиз ҳам. Йўқ, рост экан. Кўриб турибсиз, мана бу янги уйнинг калити. Мана, энди ўзимизнинг уйга эга бўлдик. Бундай эзгу ишлар бошида турган Президентимиздан миннатдормиз.

II гуруҳ ногирони Миродил Мамадалиев амакисининг уйида 4 хўжалик билан яшаб келаётган эди.

– Уй-жой қилиш учун кўп уринганман, аммо имкониятим чеклангани учун ҳаракатим зое кетди, – дейди М. Мамадалиев. – Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим инобатга олиниб, уй-жойли бўлганимиздан бошимиз осмонга етди. Бугун чинакам бахт қандайлигини юракдан ҳис қилаяпман. Саховатли, бағрикенг инсонлардан бир умр миннатдорман.

Ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож инсонларга унутилмас қувонч улашаётган бундай тадбирлар Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш тараддуди қизғин бораётган шу кунларда бир-бирига уланиб кетмоқда. Зеро, инсон манфаати улуғланадиган юртга тўйлар, байрамлар ярашади.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжан Кодиров (сурат), ЎзА
4 187






Все о погоде - Pogoda.uz