Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 12:31 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд 7 оила уй ва тикув машинаси билан таъминланди

Муборак Рамазон ҳайити арафасида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида янги турар жойлар фойдаланишга топширилди. Бу уйларга кам таъминланган 7 оила кўчиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтган йили меҳнатга қисман лаёқати бўлган, ижтимой ҳимояга муҳтож фуқаролардан 2 нафари уй-жой ва тикув машинаси билан таъминланган эди. Бу йил 10 нафар шундай оилани уй ва иш билан билан таъминлаш ражалаштирилган.

Муборак Рамазон ҳайити арафасида барча қулайликлар муҳайё этилган янги уйларга эга бўлган эҳтиёжманд 7 оилага тикув машинаси ҳам берилди, иш билан таъминланди.

– Ўғлим билан отамнинг уйида 10 жон яшаб келаётган эдик, – дейди янги уйлардан бирига кўчган Хайринсо Ўтанова. – Давлатимизнинг биз каби оилаларга кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли ўз уйимизга эга бўлдик. Бунинг устига тикув машинаси бериб, иш билан таъминлашди. Бу катта бахт эканини мендек уйга муҳтож, бошини қаерга уришни билмай ишсиз юрганларгина ҳис этади. Барчаси учун мингдан-минг раҳмат. Қутлуғ Рамазон кунлари давлатимизга, Президентимизга чексиз миннатдорлигимни билдираман. Илоҳим, юртимиз тинч, бундай эзгу ишга бош қўшган барча инсонлар омон бўлсин. 

Маълумот учун, вилоятда 2017 йили эҳтиёжманд оилалардан 25 таси уй ва иш билан таъминланган эди. Жорий йилда 150 эҳтиёжманд оила янги уйга кўчиб ўтади. 

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 042