Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.06.2018 18:19 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд 380 оилага моддий ёрдам берилди

Муборак Рамазон ойида меҳр-оқибат, хайр-саховат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик каби халқимизга хос азалий қадриятлар янада кенг намоён бўлади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши томонидан ҳам қатор хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда мавжуд 30 муқаддас қадамжо ва 797 қабристон тартибга келтирилиб, ободонлаштирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, бемор ва ногиронлар ҳолидан мунтазам хабар олинмоқда. Шу кунга қадар шу тоифадаги аҳолининг 380 нафарига 95 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. 1 минг 200 дан ортиқ кишига 72 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. Шунингдек, маҳаллаларда Рамазон ойининг мазмун-моҳияти, оилаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, ифторлик маросимларини камчиқим ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

– Муборак ой охирлаб, Рамазон ҳайити яқинлашмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими ижрочи директори А.Умаров. – Куни кеча бу борада давлатимиз раҳбарининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Шу муносабат билан Рамазон ҳайитини муносиб нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Уч кун давом этадиган ҳайит байрами кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож 1000 дан зиёд фуқаронинг ҳолидан хабар олиш, уларга кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари улашиш режалаштирилган.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
2 590