Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 16:33 Чоп этиш версияси

Эҳтиромдан кўнгиллар шод

Самарқандда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий-тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, давлат ва жамоат ташкилотларининг совғалари топширилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 130 дан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 3 минг 600 га яқин меҳнат фронти фахрийси давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уларга пул мукофотлари, тиббий восита ва дори-дармонлар, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилмоқда. Нарпай, Пастдарғом, Самарқанд ва Ургут туманларида 9 нафар уруш қатнашчиси уй-жойини таъмирлашга киришилди.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар ҳам берилмоқда.

Каттақўрғон тумани Жарбоши қишлоғида яшовчи 92 ёшли Райим Юсуповга ушбу сертификат “Самарқандавтотеххизмат” масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари вакиллари иштирокида топширилди.

– Бугунги тинч-осойишта кунлар учун туну кун шукрона айтаман, – дейди Райим ота. – Биз ёшлигимизда бир бурда нон топиш учун қанча машаққат чекардик. Ҳозир одамлар машина олсам, янги уй қурсам, деб орзу-ҳавас қилади. Президентимизга минг раҳмат, халқимизнинг фаровонлиги учун барча имкониятни яратиб бермоқда. Биз, кексаларга бўлган эътибордан эса кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Бугун берилган имтиёзли қоғоз билан набирамга енгил машина олиб бермоқчиман.

Вилоятдаги таълим муассасалари, маҳалла, корхона ва ташкилотларда фахрийлар иштирокида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 740






Все о погоде - Pogoda.uz