Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 21:22 Чоп этиш версияси

Дунёда тинчликдан азиз бойлик йўқ

Дунёда тинчликдан азиз бойлик йўқ Бухоро шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Гамик Закиев учун 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафаси қувончли воқеаларга бой бўлди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Б.Тошматов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси С.Чернишев ва бошқалар Гамик Закиевни хонадонига бориб табриклади.

Отахонга Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Президентимиз табриги ўқиб эшиттирилди.

Гамик Закиевнинг фашист босқинчиларига қарши жасорати эътирофи бўлган ордену медаллари қаторига яна бир мукофот қўшилди. Унга "Красная звезда" ордени билан мукофотлангани тўғрисидаги Россия Федерацияси Президенти томонидан имзоланган гувоҳнома ва орден тантанали топширилди.

Бу мукофотнинг тарихи узоқ. Гамик Закиев Иккинчи жаҳон урушига 1943 йили 18 ёшида жўнаб кетди. Украинани озод қилиш учун бўлган жангларда иштирок этди. Шундай жанглардан бирида оғир яраланди ва узоқ вақт госпиталда даволанди. Шундан сўнг яна фашистларга қарши жангни давом эттирди. Чехословакияни озод қилиш учун бўлган жангда ёш лейтенант бошчилигидаги аскарлар тиш-тирноғигача қуролланган душманнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Улар мустаҳкам позицияни эгаллаган фашистлар истеҳкомини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Жангдаги жасорати учун взвод командири, кичик лейтенант Гамик Закиев 1944 йилнинг 7 ноябрида 211-ўқчи дивизия қўмондонининг буйруғи билан "Красная звезда" ордени билан мукофотланади. Бироқ оловли жанглар давом этаётган ўша даврда мукофот топширилмай қолади. Бунинг устига у 1945 йилда Узоқ Шарқдаги жанговар ҳаракатларда иштирок этди. Уруш тугагандан сўнг 1947 йилгача Мўғулистонда ҳарбий хизматни давом эттирди.

Урушдан сўнг Самарқанд шаҳридаги собиқ савдо институтини битириб, Бухорога ишга йўлланма олди. Узоқ йиллар савдо ташкилотларида самарали меҳнат қилди.

Ўтган йилнинг ёзида қўшниси ҳарбий архив сайтларининг бирида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган бобоси ҳақидаги маълумотни излар экан, Гамик бобонинг жанговар ҳаёт йўлига оид маълумотга, жумладан, унга топширилмай қолиб кетган орден тўғрисидаги қайдномага кўзи тушади. Бу ҳақда хабардор қилинган Г.Закиевнинг набираси Лизия вилоят мудофаа ишлари бошқармасига мурожаат қилади. Шу тариқа жанговар орден 72 йилдан сўнг ўз эгасини топди.

– Биз, уруш қатнашчилари доимо давлатимиз эъзозида эканимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди Гамик бобо. – Яқинда Президентимиз номидан пул мукофоти ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашинани навбатсиз харид қилиш учун имтиёзли сертификат беришди. Шифокорлар соғлиғимдан хабардор бўлиб турибди. Бутун маҳалла “ўзимизнинг қадрдон Гамик ота” деб ҳурматимни жойига қўяди. "Красная звезда" ордени топширилганидан улар ҳам хурсанд. Дунёда тинчликдан азиз бойлик йўқ. Бу бойликни халқимиз қадрлайди. Осойишталик бўлган жойда инсон бахтиёр яшайди. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик абадий бўлсин.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
8 585






Все о погоде - Pogoda.uz