Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 21:51 Чоп этиш версияси

Дунё нигоҳини Ўзбекистонга қаратган нутқ

Дунё тарихида машҳур давлат ва жамоат арбоблари каби, машҳур нутқ, машҳур маъруза ва фавқулодда муҳим баёнотлар ҳам бўлади. Миллат, жамият ривожи, эл-юрт равнақига, мураккаб муаммоларни ҳал қилишга, давлатлараро муносабатларнинг ойдинлашувига хизмат қилган бундай чиқишларда баён қилинган қамровли таҳлил ва умуминсоний манфаатларни кўзлаган таклифлар орадан неча йиллар ўтса-да, давлатчилик тарихи, инсон ва унинг манфаатлари, авлодлар алмашинуви ва янги истиқбол уфқлари билан ҳамоҳанг яшаб келаверади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқи, шубҳасиз, моҳият эътибори ва таҳлил кўламига кўра ана шундай муҳим тарихий ҳужжатлар сирасига киради.

Дунё фавқулодда шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб вазиятда оламшумул ихтиролар, жаҳоннинг етти мўъжизаси сафидан жой олишга даҳлдор буюк бунёдкорликлар билан бирга, инсон ва унинг ҳаёти, бу ёруғ оламда тинч-тотув умргузаронлик қилиши, она заминни, сув ва ҳавони покиза сақлаб қолиш, миллий ва маънавий қадриятларни келажак наслларга бус-бутун етказиш билан боғлиқ ўта мураккаб муаммолар ҳам юзага келаётгани сир бўлмай қолди. Бу муаммолар бир миллат ёки бир мамлакатга эмас, жами инсониятга баробар тааллуқли экан, ечим йўлларини биргалашиб, ақл-идрок ва яхши қўшничилик тафаккури билан қидиришдек қадим шарқона одоб зарур бўлади. Давлатимиз раҳбарининг маърузаси дунё аҳлини мана шу заруратдан огоҳ қилди.

Бугун дунё харитасидагина эмас, унинг ижтимоий-маънавий қиёфасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Илм-фан тараққиёти натижалари тўла-тўкис инсон фароғати, унинг оддий ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилмоқда, деб айтиш қийин. Ғарб мамлакатларида йирик саноат корхоналари ишчиларини замонавий роботлар билан алмаштириш режалари тузилаётгани, бу борада дастлабки қадамлар қўйилгани кўпчиликка маълум. Ўзбекистонда эса “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган, бир қарашда ғоят оддий, аммо замирида бу ёруғ оламнинг мангу ҳақиқати, фусункор фалсафаси мужассам бўлган тамойил ўзининг янги маънавий қиёфасини шакллантира бошлаган давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши деб белгиланди. Одамлар давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари одамлар учун ишлаши керак, деган даъват жамият аъзоларининг қон томирларига янгича куч-қувват бахш этди.

Истиқлол йилларида кечган умримизга, эришган ютуқларимизга танқидий кўз ташлаб, хато-камчиликларни холисона таҳлилдан ўтказиб, халқимизнинг салоҳияти ва имкониятларини чамалаб, ғайрат-шижоатга тўла ёшларимизга таяниб, келгуси беш йиллик учун Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилганимиз, халқни тинглаш, унинг ичида бўлиш, муаммоларини ҳал қилиш давлат идораларининг бирламчи вазифасига айлангани Ўзбекистонда янги уйғониш фасли куртак ёзаётгани, мева тугаётганидан далолатдир. Бу қутлуғ жараён давлатимиз раҳбарининг маърузасида келтирилган аниқ таҳлил ва таклифлар боис, сессия иштирокчилари, ушбу анжуман ишини кузатиб, давлатлар раҳбарларининг чиқишларини тинглаб турган неча юз миллионлаб кишилар кўз ўнгида яққол намоён бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дунёнинг жуғрофий жиҳатдан бир-бирига туташиб кетган неча-неча давлатларида диний ва ирқий можаролар авж олиб турган бир пайтда Президентимизнинг “Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз” деган сўзлари ва бу ниятнинг бугун амалга ошаётгани кўпларнинг ҳавасини келтирган бўлиши аниқ. Зеро, БМТнинг янги бош котиби Антониу Гутерриш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Ал-Ҳусайн мамлакатимизга ташрифлари чоғи бу сиёсатнинг самараларини ўз кўзлари билан кўрди, миллий ва умуминсоний қадриятлар Ўзбекистонда юксак мақомга эга эканлигига ишонч ҳосил қилди. Шу йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги ҳалқаро анжуманда мамлакатимизнинг янги халқчил йўли, инсон омилига бўлган юксак эътибор ғоят таъсирчан тарзда намоён бўлади.

Ўзбекистон кейинги пайтларда дунё ҳамжамияти олдида ўзининг беғубор ташқи сиёсати ва инсонпарвар, меҳр-мурувватга тўла ички сиёсатини намоён этди. Яқин ўтмишнинг одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган, бир оила аъзолари, бир сулола, илдизи бир миллат вакилларини бир-бирларидан узоқлаштирадиган ғайриинсоний чекловлари бекор қилингани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқотлар фаоллашиб бораётгани инсонпарварлик, кечиримлилик тамойилларидан келиб чиқиб, турли сабабларга кўра тўғри йўлдан адашганларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилаётгани дунё ибрат олса, ҳавас қилса арзигулик ишлардир.

Истиқлол йўли, унинг буюк иморати, биз кўзлаган олий манзил шундайки, унга етишиш учун тўхтовсиз ғайрат қилмоқ, бу йўлни имон-эътиқод каби покиза сақламоқ, ҳосил боғларини тинимсиз парваришламоқ, қуриган шох-шабба, мевасиз новдалардан тозаламоқ, янги ниҳоллар билан бойитмоқ, мева тугиш давридан ўтганларидан воз кечмоқ, қай бир ўзанларни янгиламоқ, истиқлол солномасига янгича мазмун ва улуғворлик, кўрк ва салобат бағишламоқ, элни рози қилиб яшамоқ, дардига дармон бўлмоқ зарур бўлади. Ўзбекистон бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мана шундай залворли мақсад йўлида эртанги янада сермазмун кунларга қатъий ишонч билан одимламоқда. БМТ сессияси иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг нутқини фавқулодда эътибор билан тинглар экан, халқаро ҳамжамиятнинг фаол аъзоси, ўз йўли ва аниқ мақсадига эга Ўзбекистон раҳбарини самимий олқишладилар.

Аҳмаджон Мелибоев,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети доценти.

ЎзА
2 827






Все о погоде - Pogoda.uz