Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Дориломон кунларни ҳеч нарсага алишмайман

Дориломон кунларни ҳеч нарсага алишмайман Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мустақиллик йилларида кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Навоий вилоятида ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, кўнгилларини кўтариб, уй юмушларига кўмаклашмоқда. Уй-жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратиш, навбатсиз ҳаж сафарига юборишдек эзгу ишлардан фахрийлар жуда мамнун.

Карманалик Ялла бобо Равшановнинг уйи ҳар галгидан гавжум. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бобога Президентимиз номидан 2 миллион сўмлик пул мукофоти ва “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомашинани бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатни тантанали равишда топширди.

– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Ялла бобо. – Яратганга беҳисоб шукр, бугунгидек дориломон кунларда яшаш насиб этди. Ҳар тонг юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, ёшларимиз эмин-эркин ўқиётгани, ишлаётгани, ўзи танлаган соҳада катта ютуқларни қўлга киритаётгани учун шукроналар айтаман. Бунинг бари тинчликдан. Илоҳим, доимо шундай бўлсин!

Ялла бобо 1937-1938 йилларда Каттақўрғон канали қурилишида иштирок этган. 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилди ва қарийб ўн йилдан сўнг – 1948 йилда уйига қайтди.

96 баҳорни қарши олаётган отахон ёшларга тинчликни асраш, бу кунларнинг қадрига етишни кўп уқтиради.

Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган Раиса Петухова ҳам давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эъзоз-эҳтиромдан мамнун.

– Бугунги дориломон кунларни ҳеч нарсага алишмайман, – дейди Раиса буви. – Концлагерда чеккан азобларни эсласам, ҳали-ҳамон юрагим увишади. Одамнинг жони тош, деганлари рост экан, йўқса, у ердаги хор-зорликлардан омон қолармидик. Яратганга шукр, тақдир менга шундай азиз юртда яшашни насиб этди. Ўзбек халқидай самимий, меҳр-оқибатли, кўнгли худди юзидай тоза, қўлидай очиқ халқ ер юзида йўқ. Менинг энг катта бахтим шу. Фарзандларим шу юртда камол топди. Ўқиб илм олди, етук инсонлар бўлди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро дўстлик ва тотувликка кўз тегмасин!

Навоий вилоятида истиқомат қилаётган 63 нафар уруш ва 1 минг 347 нафар меҳнат фронти фахрийсининг барчасига мана шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
2 599






Все о погоде - Pogoda.uz