Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 18:42 Чоп этиш версияси

«Дориломон кунлар шукуҳи» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги «Китоб олами» маънавий-маърифий савдо мажмуасида тақдимоти ўтказилган «Дориломон кунлар шукуҳи» китоби ёш ва истеъдодли ижодкор Мунира Рамазонова қаламига мансуб.

Тақдимот тадбирида қатнашган адабиётимизнинг таниқли вакиллари, ёш китобхонлар М.Рамазонованинг ижодига самимий ва холис баҳо бериш билан бирга бугунги кунда мамлакатимизда ноширлик соҳаси ва китобхонликка берилаётган эътибор, Президентимизнинг жорий йилдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ва «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бугун ўзбек матбуотига давр руҳини тезкорлик билан ҳис қилиб, жамиятимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, янгиланишларни тийрак нигоҳ билан таҳлил қила оладиган ҳозиржавоб публицистлар жуда зарур, – дейди таниқли ижодкор Шарифа Салимова. – Мунира қизимиз шу йўлда қаламини чархлаётган истеъдодлардан. Унинг китобида бадиий публицистик мақолалари, адабий суҳбатлари жамланган. Замонавий ўзбек адабиётининг Анвар Обиджон, Эркин Самандар, Иқбол Мирзо, Исажон Султон, Ҳалима Аҳмедова, Энажон Сиддиқова каби вакиллари, Алишер Мирзаев, Тўра Қурязов, Алишер Алиқулов сингари рассом ва кулоллардан олинган интервьюлар китобнинг маъно-мазмунини оширган. Китобни мутолаа қилатуриб, Ватанимиз бетакрорлиги, йилдан-йилга обод бўлаётган шаҳар ва қишлоқларимиз, гўзал табиат манзаралари кўз ўнгимизда намоён бўлади. Юртимиздаги археологик ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар, ҳунармандчилик ва рассомчилик мактаблари, уларнинг тараққиёт босқичлари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўламиз.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
7 064






Все о погоде - Pogoda.uz