Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 12:06 Чоп этиш версияси

Долзарб муаммонинг ижобий ечими

Самарқанд вилоятининг олис Қўшработ туманида яшовчи Нодир ота ўн бир йилдан буён кексалик пенсияси олади. Кейинги пайтда пенсия пулининг пластик карточкага ўтказиб берилаётгани отахонга анча қийинчилик туғдираётганди.

– Худога шукр, ўғил-қизларимизнинг барини ўқитиб, уйли-жойли қилганмиз, – дейди Нодир Соннибоев. – Ҳаммаси ўзидан тинган, бизнинг пенсия пулимизга қараб қолгани йўқ. Лекин фарзанду набираларни йўқлаб уйига бораётганингда иккита нон, қанд-қурс олгинг келади-да. Афсуски, қишлоғимиздаги савдо дўконларидан истаган вақтингда пластикка маҳсулот харид қилиб бўлмайди. Туман марказига боргандагина ишлатиб, ул-бул оламиз. Шу масала таъбимизни бироз хира қиларди. Президентимизга минг раҳмат, энди пенсияни тўлиқ нақд олар эканмиз. Қишлоғимизнинг барча кексалари хурсанд, тўй-маъракалар, оила даврасида давлатимиз раҳбарини дуо қилиб ўтирибмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Қўшработ туманида Нодир ота сингари етти мингдан зиёд пенсионер февраль ойидан эътиборан пенсияни тўлиқ нақд пулда олади. Ногирон ва ижтимоий нафақа олувчиларга ҳам тўловлар шу усулда амалга оширилади.

– Шу вақтга қадар туманимиз бўйича пенсия ва нафақа пулларининг қарийб 80 фоизи пластик карточкага ўтказиб бериларди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Қўшработ тумани бўлими бошлиғи Фарҳод Болманов. – Қишлоқларимиздаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, бозорларнинг тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминланмагани туфайли бу аҳоли учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Шунинг учун ҳар куни ўнлаб фуқаролар бўлимга ушбу масала бўйича мурожаат қиларди. Ҳозир февраль ойи учун пенсия ва нафақаларни молиялаштириб, фуқароларга нақд пулда бериш мақсадида почта бўлими ҳисобига ўтказишни бошладик.

Президентимиз қарорида мамлакатимиз бўйича 58 тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши белгилаб берилган. Бу тизим Самарқанд вилоятининг Пахтачи, Нуробод, Ургут ва Қўшработ туманларида ҳам жорий этилади.

– Бугунги кунда туманимиздаги халқ таълими муассасаларининг 3 мингдан ортиқ педагоги, 2 мингга яқин тиббиёт ходими, умуман, 7 минг 300 киши маҳаллий бюджетдан маош олади, – дейди Қўшработ тумани молия бўлими бошлиғи Ибодулла Сайфиддинов. – Бундан ташқари, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар, корхона ва ташкилотлар бор. Қарор талабларидан келиб чиқиб, бу идоралар ходимларининг иш ҳақини тўлиқ нақд пулда бериш юзасидан банк ва бошқа мутасаддилар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори халқ билан мулоқот самараси сифатида аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалаларнинг ижобий ечим топишига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 767






Все о погоде - Pogoda.uz