ЎзА Ўзбек

08.02.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Докторлик таълими сифатини ривожлантиришдаги ҳамкорлик истиқболлари

Тошкент кимё-технология институтида UZDOC 2.0 лойиҳаси доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида докторлик таълими сифатини яхшилаш мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари, шунингдек, Венгрия, Бельгия, Испания, Италиядаги университетлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнларида илғор хорижий тажрибаларни йўлга қўйиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог ва илмий кадрларни тайёрлашда самарали тизим яратилгани қайд этилди.

UZDOK 2.0 лойиҳаси мамлакатимиз ва Европа пойтахтлари университетларининг ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 2016 – 2019 йилларда амалга ошириладиган дастур ҳисобланади. Ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида олий таълимдан кейинги таълим тизими ҳолатини ўрганиш, таълим сифатини яхшилашга йўналтирилгани билан аҳамиятли.

4 йўналишда олиб бориладиган мазкур дастур институционал таъминлаш тизими, сифат элементлари ва механизмларини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш ва бизнес ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш имконини беради.

Конференцияда юртимизда докторлик таълимини янада такомиллаштириш, Европа таълими тизими билан ўзаро тажриба алмашиш, малакали мутахассислар тайёрлашда замонавий ва илғор ёндашувларни жорий этиш мавзуларида маърузалар тингланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
14 074