ЎзА Ўзбек

19.12.2018 Чоп этиш версияси

ДХХ Фарғонада гиёҳвандфуруш тўдани қўлга олди

ДХХ Фарғонада гиёҳвандфуруш тўдани қўлга олди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш, уларни мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш борасида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикаси фуқароси Муслима Абдураҳимова айланма йўллар орқали 2 килограмм 645 грамм гашиш наркотик моддасини мамлакатимизга олиб кирмоқчи бўлган вақтда қўлга олинди. Аниқланишича, 27 ёшли бу аёл келишилган пул эвазига Ўш шаҳрида яшовчи Қирғизистон Республикаси фуқаролари эр-хотин Тоҳир Усмонов ва Муҳаррам Иномованинг гиёҳванд моддаларини Ўшдан Қўқон шаҳрига етказиб бериши лозим бўлган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида ўша куннинг ўзидаёқ Усмонов ва Иномова ҳам Қўқон шаҳрида ушланди.

Мамлакатимизга олиб кирилган ушбу заҳри қотилнинг бир қисмини сотиб олмоқчи бўлган Искандар Умаров гиёҳванд моддаларнинг олди-сотди жараёнида ашёвий далиллар билан ушланди. Иккинчи харидор Равшан Қаюмов ҳам тезкор тадбирлар давомида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Абдураҳимова, Иномова, Усмонов, Қаюмов ҳамда Умаровларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.​

2 496
ЎзА