Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 21:10 Чоп этиш версияси

Депутатлар жойлардаги аҳволни ўрганмоқда

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий кўмак кўрсатиш юзасидан фракция аъзолари томонидан жойлардаги ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг январь ойида ҳудудларда ўтказилган кенг кўламли ўрганишларда фракция аъзолари 1 минг 475 та объектдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишди ва таҳлил қилди.

Маълум бўлдики, аҳоли томонидан асосан уй-жой, коммунал хизмат, бандлик, таълим, тиббий, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, банк кредити, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши каби масалалардаги мавжуд муаммолар ўртага ташланган. Республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига 15 та депутатлик сўрови юборилиб, ижроси қатъий назоратга олинган.

«Медиация тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрирда) қонун лойиҳаларига жойлардаги партия ташкилотларидан, маҳаллий Кенгаш депутатларидан ҳамда электорат вакилларидан келиб тушган таклиф-тавсиялар муҳокама қилинди.

Мазкур 3 та қонун лойиҳаси бўйича жами 210 та таклиф берилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонининг 12-бандига кўра, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан бўшайдиган коллеж биноларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари ихтиёрига беғараз ўтказиш, уларнинг негизида барча қулайликларга эга, жумладан, кутубхона ва китоб дўконига эга бўлган Ёшлар марказларини ташкил этиш назарда тутилган эди.

Жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланишича, айрим туманларда 6-7 та коллеж фаолиятини тўхтатиш арафасида. Шу боис, депутатлар мазкур фармонга туманларда мактаблар танқислигини инобатга олган ҳолда тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи лойиҳани ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бир гуруҳ фуқаролар юборган таклифлар кўриб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
11 050