ЎзА Ўзбек

07.02.2018 18:19 Чоп этиш версияси

Демократик кучлар блокининг режалари

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияларидан иборат «Демократик кучлар блоки”нинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг самарали ижросида депутатлар ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки, унда белгиланган икки партия вазифаларига ҳамоҳанг қатор устувор йўналишлар муҳокама этилди.

Дастлаб, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Шуҳрат Бафоев давлат дастурида белгиланган вазифалар, Демблок томонидан амалга оширилиши лозим бўлган амалий чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Бунда судьялар мустақиллигини таъминлаш, терговга қадар текширув, суриштирув ва терговнинг ҳар томонлама ҳамда холисона юритилиши, муайян ишлар юзасидан қарорлар қабул қилиш борасида депутатларнинг қатъий ва муносиб иштироки тўғрисида айтиб ўтилди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят ва фуқаролик процессуал қонунчиликни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқубузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам ва юридик хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилди. Ушбу йўналиш бўйича Демблок томонидан 37 та чора-тадбирни амалга ошириш белгиланди.

– Давлат дастурининг учинчи йўналишида белгилаб берилган устувор вазифалар ЎзЛиДеП дастурига тўла ҳамоҳангдир, – дейди депутат Муҳаббат Тўхтаева. – Зеро, илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва “ақлли технология"ларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш каби масалалар партиянинг доимий мақсадларидан бири бўлган. Инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида интернет тармоғида инвесторларни зарур статистик ахборот, бизнесни юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан таъминлайдиган “Инвестиция портали”нинг ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга.

“Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси Нодир Мухторов давлат дастурининг тўртинчи ва бешинчи йўналишларида белгилаб берилган вазифалар ҳақида тўхталди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш, давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш истиқболдаги асосий вазифалардан эканлиги айтилди.

Хусусан, жорий йилда масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини татбиқ этиш режалаштирилган. Шунингдек, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида икки мингта ижтимоий дорихона қуриб ишга тушириш белгиланган. 2018 йил 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилади. Қишлоқ врачлик пунктларида касалликларни барвақт аниқлаш бўйича замонавий диагностика лабораторияларини ташкил этиш режалаштирилган.

Йиғилишда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонидан келиб чиқадиган вазифалар депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан «Демократик кучлар блоки»нинг қарори қабул қилинди ва 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Нурилло Насриев, ЎзА
9 569