Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Даволашдан кўра олдини олган афзал

Даволашдан кўра олдини олган афзал Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги ташкилотлараро эксперт комиссияси томонидан безгак, сил, ОИВ каби юқумли касалликларга қарши курашиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлар олиб бораётган ишларни мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масаласига бағишланган семинар ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, молия, меҳнат бошқармалари, ОИТСга қарши курашиш, санитария-эпидемиология назорати марказлари вакиллари иштирок этган тадбирда ОИВга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижалари муҳокама этилди.

Жиззах шаҳрида ОИТС маркази, вилоят ҳудудида 5 та туманлараро лаборатория, барча туманларда “Ишонч хонаси” фаолият кўрсатаётир.

– Йил сайин кўпайиб бораётган бу касалликнинг олдини олиш борасидаги ишлар фақат ОИТСга қарши кураш маркази фаолияти билан чекланмайди, – дейди вилоят ОИТС маркази бош врачи Нилуфар Асқарова. – Бинобарин, хасталик тарқалишининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш бўйича хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт, маънавий тарғибот муассасалари, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Марказ томонидан турли ёшдаги фуқароларга ушбу касаллик тўғрисида кенг маълумот бериш мақсадида веб-сайт яратилди. Jizzax-aids.uz сайтида фойдаланувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишлари мумкин.

Шунингдек, тадбирда сил касаллигига қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси, бу хасталикни даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Семинарда вилоятда сил, безгак, ОИТС каби касалликлар тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан бир қанча таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
2 304