ЎзА Ўзбек

13.04.2018 14:32 Чоп этиш версияси

Давлатнинг юксалишида янги ғоялар ва инновациялар муҳим ўрин тутади

Бухорода бўлиб ўтган «Ўзбекистон-Европа ипакчилик форуми»да иштирок этган ЎзА мухбири хорижлик меҳмонларнинг Ўзбекистон ва форум ҳақидаги таассуротлари билан қизиқди.

photo5363809451829733546.jpg

В.Рахманин, ФАОнинг бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакилли:

–Бу Ўзбекистонга илк ташрифим. Анжуман доирасида Тошкент ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларида бўлдик. Бухоро қадимий ва замонавий шаҳар сифатида менга жуда ёқди. 

Кейинги бир йилда юртингизда жуда кўплаб ўзгаришлар кузатилмоқда. Бундай янгиланишларни ҳар қадамда кузатиш мумкин. Ўзим қишлоқ хўжалиги йўналишида кузатганларимни айтадиган бўлсам, асаларичилик, ипакчилик, балиқчилик, боғдорчиликда инновацион ғоялар кўлланмоқда. Президентингиз олиб бораётган ислоҳотлар ва қўшни давлатлар билан дўстлик алоқалари таҳсинга лойиқ. Бу фикрни бутун дунё эътироф этмоқда. Халқ билан мулоқот қилиш албатта яхши тажриба. Бу давлатнинг юксалиши, янги ғоялар ва инновацияларни амалиётга татбиқ этишда қўл келади.

«Ўзбекистон-Европа ипакчилик форуми» доирасида “Бухоро Бриллиант Cилк” корхонасида бўлдик. Бу ердаги замонавий жиҳозлар кўмагида ишлаб чиқарилган матолар, улардан тайёрланган либослар кўзни қамаштиради.

Бу ерда ипакни қайта ишлашдан тортиб ундан тайёр либослар тайёрлашганча бўлган жараён тўлиқ бажарилиши дунёда кузатилаётган илғор жараёнлардан бири.

ФАО Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида билади. Ҳар бир йўналишдаги корхоналар хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан ҳамкорлик қилиш истагидамиз. Шу мақсадда янги лойиҳани бошладик.

photo5363809451829733545.jpg

С.Витали, Жаҳон ипакчилик уюшмаси Вице-Президенти, Италия ипакчилик уюшмасининг Президенти:

- Ўзбекистон Марказий Осиёда ипак етиштириш ва уни қайта ишлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис юртингизга келишга жуда қизиқиб, беш ойдан буён тайёргарлик кўрдик ва бугун шу ердамиз.

Италия Европа давлатларига қилинадиган ипак ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар экспортида 70 фоизни эгаллайди. Хусусан, Ипакчилик уюшмаси аъзолари йилига 900 миллион евродан кўпроқ миқдорда экспорт қилади. Унинг асосий харидорлари Франция, АҚШ ва бошқа давлатлар ҳисобланади. Биз турли кўринишдаги ипак ва оддий матолар ишлаб чиқариш йўналишида малакали мутахассисларга эгамиз. Бу фабрикалар Европа миқёсида ипакчилик саноати ривожланган дея эътироф этиладиган Комо шаҳри атрофида жойлашган. 

Мен ўзбек бозоридаги ипак матоларга бўлган қизиқишни, талабни ўрганиш ва бу ерда ҳамкорлар топишда яқиндан ёрдам берган “Ўзбекипаксаноат” уюшмасидан миннатдорман. Биз ўзаро ҳамкорликдан хурсандман. Келгусида бизнинг ипак ва оддий матолар ишлаб чиқаришдаги ютуқларимизни кўриш учун Ўзбекистондан вакиллар борса хурсанд бўламиз.

photo5363809451829733544.jpg

Италия текстиль саноати уюшмаси Президенти, Италия модалар федерациясининг Вице-Президенти Андрея Таборелли: 

- Мени Ўзбекистонга таклиф қилганларга раҳмат. Мени фаолиятим ипакчиликда муҳим ўрин тутадиган Комо тумани билан боғлиқ. Таъкидлашим керакки, бу туман нафақат ипак ишлаб чиқаришда пешқадам, балки у дунёга машҳур брендлар яратишда ҳам ўз ўрнига эга. Биз Италия ва бошқа давлатлар учун ранг-баранг мато ва маҳсулотлар брендини ишлаб чиқарамиз. Агарда статистик маълумотларга эътибор қиладиган бўлсак, мана шу кичкина туманда бир минг етти юзта фабрика фаолият юритади. Уларнинг товар айланмаси 2,5 миллиард евродан ортиқ.

Италия учун модалар қанчалик муҳимлигини жуда кўпчилик яхши билади. Келгусида биз янгидан-янги либослар ишлаб чиқаришда яқин ҳамкорлик қиламиз. Келишдан мақсад ҳам шу аслида. 

ЎзА
6 652