Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.02.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Давлатимиз ғамхўрлигидан миннатдормиз

Самарқандда “Аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорнинг ўрни беқиёс” шиори остида ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркасида ишсиз фуқаролар ўзларига муносиб ишга йўлланма олмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки ўз бизнесини кенгайтириш истагида бўлган фуқароларга эса, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит ажратилиши тўғрисида сертификатлар топширилаётир. Вилоят шаҳар ва қишлоқларидан келган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бир гуруҳига маиший техника воситалари топширилди.

–Ҳаётда тўғри йўлдан адашиб, жиноят содир этиб қўйгандим, – дейди Пастдарғом тумани Беш найман маҳалласида яшовчи Зиёдулла Раҳмонов. – Ҳозир қонунда белгиланган жазони ўтаб бўлдим. Энди ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Бугунги ярмарка ушбу мақсадга эришишим учун катта имконият яратди. “Темирқалқон” қурилиш корхонасига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим.

–Хонадонимизда газ плитаси йўқлиги учун рўзғор юмушларида қийналар эдик, – дейди каттақўрғонлик Нигора Рўзиева. – Энди бу муаммомизга барҳам берилди. Ярмаркада вилоят ҳокимлиги томонидан оиламизга замонавий газ плитаси ва газ баллони берилди. Бундан жуда хурсандмиз. Биз каби эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.

–Иштихон туманиданман, – дейди Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация коллежи ўқувчиси Жаҳонгир Эшназаров. – Бу йил коллежни битириб, туманимиз марказида компьютер хизматлари бўйича сервис шохобчаси очмоқчиман. Бунинг учун бизнес режа ҳам ишлаб чиққанман. Бугунги ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Самарқанд филиалидан 13 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширишди. Бу маблағ тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишим учун катта туртки бўлади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
7 046