Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.05.2018 15:31 Чоп этиш версияси

Давлат мулки фақат онлайн-аукционда сотилади

Тошкент вилоятида давлат активлари ва кўчмас мулк объектлари фақат “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида онлайн-аукцион шаклида ўтказиладиган электрон савдолар орқали сотиладиган бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори давлат активларини сотишда шаффофликни таъминлаш, хусусий тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, давлат мулки объектларини сотиш тартиботларини янада соддалаштириш мақсадида қабул қилинди. Ушбу савдолар Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази томонидан ташкил этилади.

Қарорга кўра, 2018 йил 10 майдан бошлаб хусусийлаштириладиган, шу жумладан, “ноль” харид қиймати бўйича кўчмас мулк давлат объектлари, шунингдек, масъулияти чекланган жамиятларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат улушлари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан сотилади.

Ҳужжатда давлат активларини электрон савдоларга қўйиш билан боғлиқ барча турдаги рўйхатдан ўтказиш ва рухсат бериш тартиботлари улар электрон савдоларга қўйилгунгача амалга оширилиши белгиланган. Энг муҳими, савдоларда турган давлат мулки объектларини электрон савдога қўйишда улар қайта баҳоланмайди ҳамда электрон савдоларга қўйилган санада шаклланган нархлар амалда қолади. Шунингдек, савдо ташкилотчиси хизматларига тўланадиган ҳақ миқдори сотиладиган давлат мулки объекти қийматининг 1 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг privatization.gkk.uz сайтидаги маълумотларга кўра, айни пайтда Тошкент вилоятида оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган 50 дан зиёд давлат мулки объекти мавжуд. Улар орасида Бўстонлиқ туманидаги нон заводи, Чирчиқ шаҳридаги собиқ техникум, Оҳангарон туманидаги “Орзу” дам олиш оромгоҳи кабиларнинг бино ва иншоотлари бор.

Шунингдек, вилоятдаги “Шарқ” паррандачилик фабрикаси, айрим МЧЖлардаги давлат улушлари ҳам савдога қўйилган.

Давлат активлари ва кўчмас мулк объектларини онлайн-аукционда электрон савдолар орқали сотиш мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларидаги муҳим босқичдир. Энг муҳими, бунда савдоларнинг шаффофлиги таъминланади, таниш-билишчилик, ғирромлик, мансаб суиистеъмолликларининг олди олинади.

ЎзА
5 315